Никоҳдан ажратиш – осон иш эмас
Оила жамиятнинг асосий бўғини.
Бош Қомусимизда ҳам оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Судлар оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган – оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўриши лозим. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 37-моддасига мувофиқ никоҳ эр-хотиндан бирининг вафоти ёки улардан бири суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида тугайди. Эр ва хотин ҳаётлигида никоҳ улардан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкин. Зарур ҳолларда, агар буни муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда никоҳдан ажратиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади, эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Оила кодексининг 43-моддасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, ФҲДЁ органларида амалга оширилади, агар эр-хотиндан бири суд томонидан: бедарак йўқолган деб топилган бўлса, руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.
Қайд этилган асослардан бирортаси мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талабни рад этишга ҳақли эмас. Эр-хотин ўртасида болалар тўғрисида, меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Шунингдек, кодексда белгиланган никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратиш тартиби спиртли ичимликлар, наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши оқибатида муомала лаёқати чекланган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳолларига татбиқ этилмайди. Бундай шахсларга нисбатан берилган ёки бундай шахслар томонидан берилган даъволар бўйича никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда шуни инобатга олиш лозимки, Оила кодексининг 39-моддасига мувофиқ эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам, ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларда ҳам татбиқ этилади.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризасининг кўрмасдан қолдирилиши, агар Оила кодексининг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар барҳам топган бўлса, такрорий равишда судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.
Аммо Кодекснинг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво хотин томонидан қўзғатилишига тўсқинлик қилмайди.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги аризани қабул қилгач, судья ҳар бир иш бўйича уни ФПК 21-бобида назарда тутилган тартибда судда кўришга тайёрлаши шарт. Жумладан, ишни судда кўришга тайёрлаш тартибида, қоида тариқасида, иккинчи тарафни чақириши, унинг аризага нисбатан муносабатини аниқлаши керак. Шу мақсадларда судья тарафлар билан оилани сақлаб қолиш масаласида суҳбат ўтказади. Судья, шунингдек эр-хотин ўртасида никоҳдан ажратиш даъвоси билан бир вақтда ҳал қилиниши лозим бўлган бошқа низолар бор-йўқлигини аниқлайди, тарафларга вояга етмаган болалари таъминоти учун буйруқ тартибида алимент ундириш ҳуқуқини тушунтиради, ишнинг кўрилиши учун аҳамиятга молик бошқа масалаларни аниқлайди.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда эр-хотин судга никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар улардан қайси бири билан яшаши, вояга етмаган болалар ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр(хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби ва миқдори, эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш тўғрисида келишув тақдим этиши мумкин.
Бундай келишув мавжуд бўлмаган ёки мазкур масалалар юзасидан эр-хотин ўртасида низо бўлган ҳолларда улар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб билан бир вақтда мазмунан кўриб чиқилади.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар – болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Бунда муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади. Эр-хотинни яраштириш мақсадида олти ойлик муҳлат ичида ишнинг кўрилиши бир неча марта кейинга қолдирилиши мумкин. Ундан ташқари эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинланган тақдирда, суд уч кундан кечиктирмасдан эр-хотиннинг биргаликдаги яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, уларнинг ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ёзма равишда (тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, манзили, телефон рақамлари кўрсатилган тегишли хат билан) хабардор қилиши лозим.
Айни вақтда, эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаш ҳақидаги ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг тегишли туман бўлимларига юборилиши лозим.
Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар бўлади. Аммо бизнинг жамиятимиз, менталитетимиз, азалий қадриятларимизда оилани сақлаб қолиш учун барча масъул бўлган. Бу қонунларимизда ҳам акс этган. Судьялар бу жараёнда оилавий низолар, ўзаро келишмовчиликлар, ажралишлар фарзандлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олган ҳолда имкон қадар турмушнинг пароканда бўлишига йўл қўймасликка интилади. Зеро, оила жамиятнинг кичик бўлса-да, муҳим қўрғонидир.
Шоира Эрметова,
Тошкент вилояти Фуқаролик ишлари бўйича
Чирчиқ туманлараро суди судьяси.
ЎзА