Назорат харидларида 482 номдаги сифатсиз маҳсулот фош этилди
Рақобат қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталарида сотилаётган халқ истеъмоли товарларининг сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида мунтазам назорат харидлари ўтказилмоқда.
Маълум қилинишича, 2021–2025 йиллар ҳамда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида республика бўйича қарийб 2600 номдаги маҳсулот аккредитациядан ўтган лабораторияларда экспертизадан ўтказилган. Текширувлар натижасида 482 номдаги маҳсулот давлат стандартлари ва норматив-техник талабларга жавоб бермаслиги аниқланиб, ишлаб чиқарувчиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилган.
Таҳлилларга кўра, назорат харидларининг асосий қисми қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, консервалар, ёқилғи-мойлаш материаллари, сут ва сут маҳсулотлари, ош тузи, ун маҳсулотлари ҳамда алкоголли ва алкоголсиз ичимликларга тўғри келган.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 43 турдаги қарийб 400 номдаги маҳсулот лаборатория синовларидан ўтказилиб, 47 номдаги маҳсулот белгиланган талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Уларни савдодан қайтариб олиш ва қонунчиликка мувофиқ чора кўриш учун тегишли материаллар ваколатли идораларга юборилган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида назорат харидларини давом эттириш, сифатсиз маҳсулотлар бўйича жамоатчиликни хабардор қилиш ҳамда ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўриш ишларини изчил давом эттиради.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА