Шанхайда 300 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси ижроси муҳокама қилинди
Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги Элчихонаси маслаҳатчиси — Божхона қўмитасининг расмий вакили ҳамда “Shanghai SUS Environment” компанияси раҳбарияти ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳасининг бугунги ҳолати, қурилиш-монтаж ишларининг бориши ҳамда лойиҳа ижросида юзага келаётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва лойиҳалар ижросини жадаллаштириш мақсадида тўғридан-тўғри ишчи алоқаларни кучайтириш юзасидан келишувга эришди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 мартдаги тегишли қарори асосида амалга оширилмоқда. Унга мувофиқ, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида маиший чиқиндиларни замонавий технологиялар асосида ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш кўзда тутилган.

2025-2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа доирасида 300 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш белгиланган. Айни пайтда қурилиш-монтаж ишлари тасдиқланган режа асосида босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Хитой инвестициялари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларни самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ҳамда Божхона қўмитасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, лойиҳа ташаббускорлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Ҳозирги кунда ушбу йўналишда жами 9 та инвестиция лойиҳаси бўйича амалий мулоқот ва мувофиқлаштириш ишлари изчил давом эттирилаётгани мамлакатимизда хорижий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва йирик инфратузилма лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширишга қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Ш.Маматуропова, ЎзА