Навоийда “Ибратли ҳарбий оила” танлови бўлиб ўтди
Навоий шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлигининг Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм ҳамда бўлинмалар ўртасида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласиман” шиори остида “Ибратли ҳарбий оила” кўрик-танловининг биринчи босқичи ташкил этилди.
Танлов жараёнида иштирокчи оилалар ўзларининг аҳиллиги, тарбия борасидаги ёндашувлари, миллий қадриятларга содиқлиги ҳамда ижодий чиқишлари билан баҳоланди.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, Зарметан қўрғони ҳудудидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси Ҳамраевлар оиласи биринчи ўринни эгаллаб, қўмондонлик босқичига йўлланмани қўлга киритди.

– Ушбу танлов ҳарбий хизматчилар оилаларида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ҳарбийларнинг хизматга бўлган масъулиятини ошириш ҳамда уларнинг яқинлари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди, – дейди ҳарбий қисмнинг хотин-қизлар масалалари бўйича масъул ходими Рўзигул Қурбонова. – Бугунги иштирокчилар ўзларининг намунали оиласи билан бошқаларга ҳам ибрат бўлмоқда. Бу каби тадбирлар орқали биз жамиятда соғлом ва мустаҳкам оилалар сонини оширишни мақсад қилганмиз.

Мазкур танловнинг кейинги босқичлари янада қизғин ва муросасиз ўтиши режалаштирилган.
А. Бўриев, ЎзА мухбири