Наманганда халқаро академик ҳамкорлик ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
2025/2026 ўқув йилида Наманган давлат техника университетида халқаро ҳамкорлик доирасида қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Жумладан, И.Раззақов номидаги Қирғиз давлат техника университетидан 17 нафар 2–3-босқич талабалари академик алмашинув дастури асосида мазкур олийгоҳга ташриф буюрди.
Меҳмонларни университет ректори, профессор Ойбек Эргашев қабул қилди. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-28460]
Талабалар ўз мутахассисликлари бўйича гуруҳларга тақсимланиб, ўқув жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Шунингдек, ташриф доирасида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини биргаликда ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Маълумотга кўра, делегация аъзолари 11 кун давомида стажировка ва академик мобиллик дастурларида қатнашиб, университетдаги илғор тажрибалар билан танишади.
Қирғизистонлик ўқитувчи Самат Уметалиевнинг таъкидлашича, университетда яратилган замонавий шарт-шароитлар ва таълим жараёнининг юқори савияда ташкил этилгани уларда катта таассурот қолдирган.
Ташриф доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида “Ёшлар дўстлик боғи” барпо этилди. Унда меҳмон талабалар ва университет волонтёрлари фаол иштирок этиб, манзарали ва мева дарахт кўчатлари экилди.
Тадбирларда университет раҳбарияти иштирок этиб, бундай ташаббуслар ёшларда экологик маданиятни шакллантириш ва халқаро дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбирлар дўстона ва самимий муҳитда ўтди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА