Наманганда 158 миллион сўмга яқин сифатсиз дорилар ва тиббий буюмлар йўқ қилинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан суд органлари ва бошқа тегишли идораларнинг ижро ҳужжатларини бажаришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бюронинг Янги Наманган тумани бўлими томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жиноят иши доирасида ашёвий далил сифатида олинган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган тартибда йўқ қилиш ишлари амалга оширилди.
Тадбир давомида жами 953 турдаги, умумий қиймати қарийб 158 миллион сўмни ташкил этувчи дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари тегишли тартибда йўқ қилинди.

Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Соҳибжон Рафиқовнинг қайд этишича, ушбу дори воситалари ва тиббиёт буюмлари жиноий иш бўйича ашёвий далил сифатида олинган бўлиб, ваколатли органларнинг тегишли қарорлари асосида уларни муомалага киритишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Йўқ қилиш жараёнида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, белгиланган санитария ва хавфсизлик талабларига риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир МИБ туман бўлими ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида, қонунчиликда белгиланган тартиб ва талаблар асосида ўтказилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА