Мурожаатлар – эътибор марказида
“Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак, деган шиор барча даражадаги раҳбарлар фаолиятида бош қоида бўлиши шарт”. Давлат раҳбарининг ушбу тамойили фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда устувор аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан вилоятнинг 16 та туман ва шаҳарларида сайёр қабуллар ташкил этилди. Уларда фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид муаммолари ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сайёр қабуллар давомида жами 402 та мурожаат қабул қилинди. Шундан 94 таси жойида ижобий ҳал этилди, 139 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 135 та масала қўшимча вақт талаб этгани боис масъулларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди. Шунингдек, 34 та мурожаат тегишлилигига кўра ҳамкор ташкилотларга юборилди.

Сайёр қабуллар давомида фуқароларнинг аниқ муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий ишлар ҳам олиб борилди. Жумладан, Нишон тумани Наврўз маҳалласида яшовчи, кўзи бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Мукаррам Раҳмонова ўғлини даволаш учун моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур мурожаат ижобий кўриб чиқилиб, тегишли кўмак кўрсатилиши таъминланди.


Мутахассислар таъкидлашича, бундай сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш, уларга тезкор ва самарали ечим топишда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса ижтимоий ҳимоя тизимида инсон манфаатлари устувор эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири