Мурожаатлар билан ишлашда янги босқич
Президент топшириқлари ижросига қаратилган амалиёт
Жиззахда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими бутунлай янги босқичга кўтарилмоқда. Энди ҳар бир мурожаат — фақат расмий ҳужжат эмас, балки давлат ва фуқаро ўртасидаги самарали мулоқотнинг бир қисми сифатида кўриб чиқилади.
Мамлакатимизда аҳоли билан очиқ мулоқот, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва муаммоларни манзилли ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу эса фуқароларнинг ҳаётий муаммоларини самарали тарзда ҳал қилишга хизмат қилади.

Жорий йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасадди идоралар ва ҳокимликларга “Халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш” вазифалари берилди. Бу тадбир мамлакатдаги мурожаатларни барвақт ва сифатли ҳал қилиш учун янги механизмлар яратишга қаратилган энг муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Жиззах вилоятида ҳам бу йўналишда тизимли ишлар бошланди. Вилоят ҳокимлигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва келгусидаги вазифаларни белгилашга бағишланган семинар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев ва Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимовлар семинарда сўзга чиқишди.
Семинар видеоселектор тарзида ўтказилди ва унда Халқ қабулхоналари бош мутахассислари ҳамда вилоят ва туманлар ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этишди. Мақсад — Президент белгилаган вазифаларни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш ва аҳоли мурожаатлари билан ишлашда Қарши шаҳар тажрибасини ўргатиш, шунингдек мутасадди ташкилотлар вазифаларини аниқ белгилаш эди.

Мазкур семинар аҳоли дардини тинглаш, мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли ҳал этиш ҳамда ҳудудлардаги муаммоларни барвақт аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, тизимли ёндашув орқали келгусидаги устувор вазифалар ҳам белгилаб олинади.
Жиззахда жорий этилаётган янги тизим, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш ва давлат хизматларини самарали ташкил этишга қаратилган. Эндиликда ҳар бир мурожаат — эътибор ва натижа билан кафолатланадиган жараёнга айланмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА