Муаммоларни тез аниқлаш ва уларга ечим топишга эътибор қаратилмоқда
Инсон ҳаётида шундай дамлар бўладики, биргина воқеа унинг бутун тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Кечагина оддий кечаётган ҳаёт бир зумда саволларга, хавотирларга, умидсизликка айланади. Айниқса, соғлиқ билан боғлиқ оғир синов инсоннинг нафақат жисмоний имкониятларини, балки руҳий дунёси, ўз кучига ишончи ва эртанги кунга бўлган муносабатига ҳам таъсир қилади.
Бироқ инсонга ўз вақтида қўл узатилса, унинг қалбида сўниб бораётган умид яна ёниши мумкин. Унга шунчаки ёрдам эмас, балки “Сиз ёлғиз эмассиз, ҳаёт давом этади, сизга керакли имкониятлар бор” деган ишонч берилса, тақдирнинг энг оғир саҳифасини ҳам янги мазмун билан давом эттириш мумкин. Бухоро шаҳрининг “Янгиобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Комил Зиёдуллаевнинг ҳаёт йўли ана шундай ишончнинг инсон тақдиридаги беқиёс аҳамиятини яққол намоён этади.
“Янгиобод” маҳалласида бугун 6 334 нафар аҳоли, 2 654 та оила истиқомат қилади. Улар орасида ижтимоий кўмак ва эътиборга эҳтиёж сезадиган оилалар ҳам бор. Хусусан, 43 та оила “Ижтимоий реестр”га киритилган бўлса, 151 нафар ногиронлиги бўлган шахс яшайди.
Маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Мадинабону Нигматова аҳолининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш, муаммоларини аниқлаш ва ҳар бир инсонга манзилли ёрдам кўрсатиш борасида иш олиб бормоқда. Комил Зиёдуллаевнинг ҳолати ҳам ана шу жараёнда ўрганилди. У қандли диабет касаллиги асоратлари туфайли бир оёғидан айрилди. Биринчи гуруҳ ногиронлиги белгиланган Комил ака учун бу нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам оғир зарба бўлди. Инсон учун оддийдек туюладиган кўчага чиқиш, яқинлари билан суҳбатлашиш, ишга бориш, жамият ҳаётида иштирок этиш каби имкониятлар унинг учун бирданига катта орзуга айланди. Қарийб икки ярим йил давомида у уйидан деярли чиқолмади. Ҳаракатланиш имконияти чеклангани, соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ва одамлар орасида бўлиш имконининг камайиши уни тобора тушкунликка туширди. Аммо инсон тақдиридаги энг оғир кунлар ҳам охирги нуқта эмас.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан такомиллаштириш, хизматларни одамларга яқинлаштириш, айниқса, маҳалла даражасида ҳар бир иш амалга ошириш йўлга қўйилмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаларидан бири бўлди. Илгари турли идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлган инсон бугун ўз маҳалласидаёқ унинг ҳолатини ўрганадиган, муаммосини эшитадиган ва ечим топишга кўмаклашадиган ижтимоий ходимга эга. Бу — тизимдаги оддий ўзгариш эмас. Бу инсонга бўлган муносабатнинг ўзгариши. Комил Зиёдуллаев мисолида ҳам ана шу ёндашув ўзининг амалий самарасини кўрсатди. Аввало, Комил аканинг эркинроқ ҳаракатланиши учун зарур шароит яратилди. У болдир протези, ҳасса ҳамда махсус пойабзал билан таъминланди.

Бу буюмлар ташқи томондан оддий воситалардек кўриниши мумкин. Аммо Комил ака учун улар — яна бир бор мустақил ҳаракатланиш, кўчага чиқиш, одамлар билан мулоқот қилиш ва ҳаётга қайтиш имконияти эди. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан даволаниши учун бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Зарур дори-дармон воситалари билан бепул таъминлаш чоралари кўрилди. Бироқ бу ерда энг муҳими — ёрдамнинг фақат моддий томони эмас.
Узоқ вақт тушкунликда яшаган инсонга руҳий кўмак ҳам керак. Шу боис Комил ака билан психологик иш олиб борилди. Унинг қалбидаги оғриқ, хавотир ва ишончсизликни енгиб ўтишига кўмаклашилди. Чунки баъзан инсонга қимматбаҳо дори ёки моддий маблағдан ҳам кўра, “Сенинг қўлингдан келади!” деган бир оғиз сўз кучлироқ таъсир қилади. Комил ака учун ҳам айнан шу эътибор янги ҳаёт эшигини очди.
Ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий самарасини нимада кўриш мумкин? Жавоб оддий: инсон яна ўзини керакли ҳис қилса, мустақил ҳаётга интилса, меҳнат қилса, оиласи ва жамияти учун наф келтиришга ҳаракат қилса — мана шу энг катта натижадир. Комил Зиёдиллаев бугун бу ҳақиқатнинг тирик мисоли. У энди уйда ёпилиб қолган инсон эмас. У бугун Бухоро вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида меҳнат қилмоқда. Кеча икки ярим йил давомида уйидан чиқишга қийналган инсон бугун иш жойига бориб, ўз меҳнати билан жамоага ҳисса қўшмоқда.

Бир қарашда бу оддий воқеадек туюлиши мумкин. Аслида эса бу — бир инсоннинг ҳаёти қайтадан ўз изига тушгани, унинг ўз кучига ишончи тиклангани, жамиятда ўз ўрнини топганининг катта ғалабасидир.
Комил Зиёдуллаевнинг ҳаёт йўли ижтимоий ҳимоя тизимининг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англашга ундайди. Ижтимоий ҳимоя деганда фақат нафақа, моддий ёрдам ёки дори-дармон тушунилмайди. Унинг замирида инсонни эшитиш, унинг дардига қулоқ тутиш, имкониятини кўриш, қўлидан ушлаш ва мустақил ҳаёт сари етаклашдек улуғ мақсад мужассам.
Бугун маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар ана шу вазифани бажармоқда. Улар хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг турмуш шароитини ўрганмоқда, муаммоларни эрта аниқламоқда, эҳтиёжманд инсонларни тегишли хизматлар билан боғламоқда.
Бу жараённинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, инсон энди фақат ёрдам олувчи сифатида эмас, балки ўз салоҳияти ва имкониятларини намоён этиши мумкин бўлган шахс сифатида қаралмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири