Талабаларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш – муҳим масала
Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Шукуров, педагог мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлар ректорлари, битирувчи босқич талабалари иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқотда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, хусусан, олий ўқув юртларида малакали педагог кадрлар тайёрлаш Янги Ўзбекистонни барпо этиш, қолаверса, юртимиз порлоқ келажагини яратишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Мулоқотда Андижон давлат университети, Андижон педагогика ҳамда Чет тиллар институтлари ректорлари томонидан олийгоҳларда бугунги кун талабига жавоб берадиган, малакали педагог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар сифатини, шунингдек, талабаларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, уларни илғор ва хорижий иш тажрибалар билан яқиндан таништириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги айтиб ўтилди.


Шунингдек, мулоқотда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Шукуров талабалар ўқиш давридаёқ назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаши, келгуси фаолияти учун зарур касбий кўникмаларни пухта эгаллаши муҳимлигини гапирди. Бу борада нималарга эътибор қаратиш, шу билан бирга, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича талабаларга тавсия ва маслаҳатлар берди.
Тадбирда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.



Якунда тадбирда қатнашган битирувчи босқич талабалари амалий кўникмаларини ошириш учун Андижон шаҳридаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда мактабларга бириктирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири