Масофа – аҳамиятсиз, муҳими тарихий муштараклик
Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” музейида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида маданий меросни асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ҳамкорликка бағишланган “5120 километр: тарихий ришталарни қайта боғлаш” номли кўргазма ўз ишини бошлади.
Тадбир Кореянинг Маданий мерос жамғармаси томонидан ОDА (Official Development Assistance) дастури асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
– Мазкур кўргазма Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, тажриба алмашиш ва икки халқнинг бой маданий меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда, – дейди “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Самариддин Мустафоқулов. - Кўргазманинг асосий ғояси қарийб 1400 йил аввалги тарихий алоқаларни бугунги замонавий ҳамкорлик билан боғлашдан иборат. Чунки Афросиёб деворий суратларида қадимги Корея яриморолидан келган деб талқин қилинадиган элчининг тасвири сақланиб қолган. Бу тасвир VII–VIII асрларда Самарқанднинг Буюк Ипак йўли орқали Корея яримороли ва бошқа ҳудудлар билан дипломатик ҳамда маданий алоқалар олиб борган муҳим марказ бўлганини кўрсатади.

“5120 километр” икки мамлакат ўртасидаги рамзий масофани англатади. Қадимда бу масофани элчилар ва савдогарлар босиб ўтган бўлса, бугун ушбу тарихий йўл илмий тадқиқот, археология, консервация, рақамли технологиялар ва мутахассислар тажрибаси алмашинуви орқали қайта боғланмоқда.
Корея Республикаси миллий меросни ривожлантириш агентлиги консервация фанлари мутахассиси О Минжининг таъкидлашича, экспозицияда икки давлат мутахассислари иштирокида амалга оширилган қўшма лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишлари, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда соҳада эришилган муҳим натижалар намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг муҳим қисмларидан бири Самарқанд шаҳрининг Боғибаланд маҳалласида жойлашган Қизлартепа ёдгорлигида олиб борилган қўшма археологик тадқиқотларга бағишланган. Корея ва Ўзбекистон мутахассислари 2023–2025 йилларда беш босқичда қўшма археологик қазишма ишларини амалга оширди. Дастлаб тепаликнинг юқори қисмида 12 та нуқтада синов қазишмалари ўтказилди. Шундан сўнг 9 та нуқтада меъморий иншоот қолдиқлари аниқланиб, кенг қамровли тадқиқотлар давом эттирилди.

– Тадқиқотлар натижасида Қизлартепадан 12 та хона, уларни боғловчи йўлаклар ҳамда тўрт томондан кириш жойларига эга марказий йўлакдан ташкил топган Суғд даври меъморий мажмуаси аниқланди, – дейди Ўзбекистон - Корея маданий мерос соҳаси ривожланиш бўйича расмий кўмак – ODA (Official Development Assistance) лойиҳаси координатори Абдуазиз Жабборов. – Иншоотлар пахса ва хом ғиштдан барпо этилган бўлиб, ёдгорликдан сопол буюмлар, шиша маҳсулотлар, нефрит ҳалқа парчалари, узук ва тақинчоқлар, тангалар ҳамда бошқа археологик ашёлар ҳам топилди. Улар орасида Сўғд тангаси, оссуарий ва бошқа ноёб топилмалар алоҳида аҳамиятга эга. Айрим иншоотларнинг вазифаси ҳали тўлиқ аниқланмаган. Илмий талқинларга кўра, улар зодагонлар қабулхонаси, божхона ёки диний мақсадларда фойдаланилган бўлиши мумкин. Шу боис уларнинг вазифаси ҳақидаги хулосалар ҳозирча илмий тахмин сифатида баҳоланади. Қизлартепадаги тадқиқотлар замонавий рақамли технологиялар билан ҳам уйғунлаштирилди.
Кўргазмада, шунингдек, маданий мерос объектларини консервация қилиш, объектларни 3D ва GIS технологиялари асосида ҳужжатлаштириш борасидаги ишлар намуналари ҳам намойиш этилмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири