Экологик ҳамкорлик: чўлланишга қарши курашда янги минтақавий лаборатория таклифи
Чўлланиш ва иқлим ўзгаришларига қарши курашда халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланди. Ўзбекистон қурғоқчил ҳудудлар учун муҳим таклифлар билан чиқди.
Унда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, “Бир макон, бир йўл” минтақаси миллий ва халқаро илмий ташкилотлар альянси (АНСО) ижрочи директори профессор Лиу Видонг, директор ўринбосари доктор Чжицзюн Йи, Мўғулистон Фанлар академияси (МАС) президенти Асад Демберел Содномсамбу ҳамда Шинжон экология ва география институти масъуллари иштирок этди.

Тадбирда Эркин Муҳиддинов нутқ сўзлаб, мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди ва муаммоларни тизимли ҳал этишга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурди.

– Ўтган 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Хитой Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит бўйича тадқиқот маркази фаолиятини бошлади. Ушбу марказ қурғоқчил ҳудудлар экологиясини барқарорлаштиришда муҳим платформа вазифасини бажармоқда. Биз кейинги қадам сифатида алоҳида тадқиқот лойиҳаларидан аниқ амалий натижаларга эга бўлган қўшма минтақавий технологик дастурларга ўтишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз, – деди Э. Муҳиддинов. – Шу мақсадда, Марказий Осиё – Шимолий-шарқий Осиё қурғоқчил ҳудудлари технологиялари ва лойиҳалари лабораториясини ташкил этишни таклиф қиламиз. Ушбу лабораториянинг минтақавий ҳаби сифатида Яшил Университет ҳузуридаги Чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиёти бўйича минтақавий илмий-тадқиқот институти хизмат қилиши мумкин.

Тадбир давомида ҳамкорликда чўлланишга қарши самарали курашиш, соҳага илғор инновацион технологияларни кенг жорий этиш, яйловларни барқарор тиклаш ҳамда табиий ресурслардан тўғри фойдаланиш каби долзарб масалалар муҳокама этилиб, бу борадаги таклифлар тингланди.
Якунда келгусидаги аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА