“Diplomacy Journal”да Ўзбекистонда ўтадиган Ёш парламент аъзоларининг глобал конференцияси ҳақида ёзилди
Жанубий Кореянинг нуфузли “Diplomacy Journal” нашрида жорий йил 4-6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ўтказилиши юзасидан мақола эълон қилинди.
183 мамлакат, 15 халқаро ташкилот ҳамда қарийб 50 нафар доимий кузатувчи ҳамда 300 га яқин делегат иштирок этиши кутилаётган конференция дастуридан олтита сессия ўрин олган бўлиб, уларда замонавий дунёда ёшларнинг мақоми ва ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Анжуман доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича учинчи глобал форумини ўтказиш ҳам режалаштирилган, деб ёзади “Diplomacy Journal” нашри.
Форумда Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришда парламентлар ва парламентлараро ҳамкорликнинг ўрни ҳамда глобал кун тартибини амалга оширишда ёшларнинг иштирокини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Н.Абдураимова, ЎзА