Маслаҳатчи нега керак?
Давлат тилида иш юритиш тизимида маслаҳатчи лавозими зарурми ёки ортиқча харажат? Бу савол кўпчиликни ўйлантирмоқда. Ушбу муҳим институтнинг фаолияти ва давлат тилига таъсири борасидаги ҳақиқатлар очиқланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби давлат тилида иш юритиш тизимини янада такомиллаштириш, вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда фаолиятни давлат тилида иш юритишни йўлга қўйиш борасида ҳам самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг бир нечта тегишли ҳужжатлари қабул қилинди ва бугунги кунда ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида тегишли чоралар кўриб келинмоқда.
2025 йил 20 октябрь куни давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилинган бўлса, 2026 йил 7 август куни Ҳукуматнинг яна бир ҳужжати орқали мазкур йўналишни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу қарор билан маслаҳатчи фаолияти тартибга солиниши билан бирга қатор қатъий кўрсатмалар ҳам белгиланганини алоҳида қайд этиш керак. Масалан, маслаҳатчининг вазифа ва функцияларини давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа бўлинмаларига топширишга ёки юклашга, шунингдек, ушбу лавозимни қисқартиришга йўл қўйилмаслигининг ўзиёқ кўп нарсани англатади. Чунки нафақат хўжалик бирлашмалари, балки айрим давлат ташкилотларида ҳам ушбу йўналишга оид ишлар қайсидир ходимга қўшимча юклама сифатида берилгани бу ишларга масъулиятсизлик билан ёндашилаётганини кўрсатади.
Балки сизнинг ҳам қулоғингизга чалингандир, бундай эътиборга гувоҳ бўлган баъзилар томонидан вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликларда давлат тили бўйича маслаҳатчи ва бундай лавозим, ортиқча сарф-харажат нега керак, деган савол ўртага ташланмоқда.
Бир томондан олиб қараганда, ростдан ҳам Конституциясида давлат тили сифатида ўзбек тили белгилаб қўйилган мамлакат ташкилотларида давлат тилига масъул одамнинг борлиги бироз ноўриндек, лекин танганинг иккинчи томонини ҳам ҳисобга олиш керак, менимча.
Маънавият ва давлат тили масалаларига масъул маслаҳатчи институти жорий қилинганига 6 йилдан кўпроқ вақт ўтмоқда. Хўш, бу даврда қандай ўзгаришлар содир бўлди?
Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, белгиланган топшириқлар ва уларнинг ижроси ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Мен деярли олти йил давомида шу жараённинг бевосита иштирокчиси сифатида аниқ ишлар ҳақида ёзишни маъқул деб топдим.

Биринчидан, ушбу лавозим жорий қилинган ва тажрибали мутахассис маслаҳатчи сифатида тайинланган корхона ва ташкилотларда фаолият тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Албатта, бу жараёнда чет давлатлар, хорижий мамлакатларнинг элчихоналари ва чет эл компаниялари билан ёзишмаларнинг бошқа тилларда эканлигини айтиб ўтиш шарт. Шунингдек, ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, чет эл компаниялари ва ҳатто давлатлари билан тузилаётган битимлар, келишувларда асосий тил сифатида икки давлат тили эмас, инглиз тили танланаётган бўлса ҳам, ҳужжатнинг иккинчи нусхаси ўзбек тилида қабул қилинмоқда.
Иккинчидан, соҳа ходимлари учун ва айнан улар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, юртимиз бўйлаб саёҳатлар, турли музейлар, тарихий масканларга, театр ва кинозалларга ташрифлар, ходимлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида китоб кўргазмалари ва савдолари ташкил этилмоқда. Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши жамоа аъзоларининг бир-бирларини янада яқиндан танишлари, ишдан ташқари ўзаро мулоқотини таъминламоқда.
Учинчидан, айнан маслаҳатчи деган лавозим борлиги учун корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳужжатларни давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрламоқда. Айрим ҳолатларда норозиликлар ҳам учраб турибди, аммо кимларгадир ёқмаётган мана шу маслаҳатчилар уларни давлат тилида ишлашга мажбур қилмоқда.
Ёдингизда бўлса, давлат ташкилотларида штатларни қисқартириш амалга оширилди. Энг қизиғи ва кулгилиси, негадир кўп ташкилот биринчи навбатда маслаҳатчи лавозимини қисқартиришга уринди. Баъзилар бунга эришди ҳам. Бироқ эътибор берсангиз, айнан маслаҳатчи лавозими қисқартирилган ташкилотларда давлат тилида иш юритиш оқсади, ҳатто ҳужжатлар бошқа тилларда ҳам тайёрлана бошлади ва ўз навбатида, бу кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди.
Тўртинчидан, турли соҳаларга оид хориждан кириб келган сўз ва атамаларнинг ўзбекча муқобилларини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясига тақдим қилиш, бу орқали тилимизни ўзбекча сўз ва атамалар билан бойитиш амалиёти жорий қилинди. Тўғри, биринчи марта эълон қилинганида қулоғимизга ғалати чалинади, лекин Атамалар комиссияси томонидан қабул қилинган атамалардан иш фаолиятимизда, ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида, ҳатто ўзаро суҳбатларимизда, турли тармоқлар орқали ёзишмаларимизда, эълон қилаётган фикрлару мақолаларимизда кўпроқ фойдалансак, ўрганиб кетишимиз аниқ. Чунки биз бугун бемалол, худди ўзбекча сўздек ишлатаётган сўз ва атамалар ҳам бир пайтлар бизга ғалати туюлган. Бир эслаб кўринг-а...

Бешинчидан, республика ҳудудларида географик объектларга ўзбекча ном беришда ҳам маслаҳатчилар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этишимиз зарур. Бир пайтлар қўйилган ёки маъно-мазмуни йўқ номлар бугунги кунда давлат тилига мослаштирилган ҳолда ўзгартирилмоқда.
Тўғри, «Гуруч курмаксиз бўлмайди», деганларидек ҳамда барча соҳа ва йўналишларда бўлгани каби бу йўналишда ҳам камчиликлар йўқ эмас, маслаҳатчилар орасида ҳам ўз ишини сидқидилдан бажармаётган, қўйилаётган ва кутилаётган талабларга жавоб бермайдиганлар ҳам бордир. Буни инкор қилиб бўлмайди. Аммо бир ёки икки киши билан бутун маслаҳатчилар жамоасига баҳо бериш нотўғри, менимча.
Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Тан олиш керакки, айрим ташкилотларда давлат тилида эмас, бошқа тилларда иш юритиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Мана шундай ҳолатларда маслаҳатчилар фаолияти юзасидан билдирилаётган эътирозлар ўринли. Лекин бунга фақатгина маслаҳатчи айбдор эмаслигини билиб қўйишингиз керак.
Бу аслида маслаҳатчи фаолиятининг яхши эмаслигини эмас, балки ўша ташкилот раҳбарининг давлатимизга, тилимизга бўлган эътиборини кўрсатади. Чунки ходим ҳар қанча ҳаракат қилмасин, ҳужжатни имзолаётган раҳбар уни қўллаб-қувватламаса, давлат тилида иш юритилишига эътибор қаратмаса, бари бирпул.
Мен ўзим ишлаётган ташкилот мисолида бемалол айта оламанки, бизда ҳаммаси рисоладагидек. Нафақат вазирлик, балки тизимдаги корхона ва ташкилотларда ҳам фаолият давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида юритилади. Айрим келишмовчиликлар, тушунмовчиликларни эса зудлик билан ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз.
Баъзан бошқа тилда ҳужжат тайёрлаш осон деб ҳисоблайдиган ҳамкасбларимиз билан узоқ вақт суҳбатлашишга, тушунтиришга тўғри келади. Асосийси, ҳамма бу йўналишнинг нечоғлик муҳим эканини тушунади ва доим бу йўналишдаги фаолиятни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.
Буни иккита нарсада кўришимиз мумкин. Биринчиси, юқорида айтилганидек, барча ҳужжатларнинг давлат тилидалиги бўлса, иккинчиси, ўз хоҳиши билан давлат тилини янада чуқурроқ ўрганишга бўлган қизиқиш.
Шу Ватан, шу юрт, шу миллат фарзанди эканлигим учун ҳам давлатимизни, байроғимизни, миллатимизни, тилимизни, миллий урф-одат ва анъаналаримизни ҳимоя қилишни, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни тарғиб қилавераман.
Чунки ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратиш бизнинг қўлимизда!
Нурилла АБДУЛЛАЕВ,
Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси