Марказий Осиё саноат кооперацияси: имкониятлар ва таркибий ўзгаришлар
2026 йил январь-август ойларида Марказий Осиёнинг тўрт мамлакатида саноат ишлаб чиқаришининг ижобий ўсиш суръатлари сақланиб қолди. Энг юқори ўсиш Тожикистонда – 13,8 фоиз, кейинги ўринларда Қирғизистон – 8,8 фоиз, Ўзбекистон – 8 фоиз ва Қозоғистон – 2,8 фоиз қайд этилди.
Мамлакатлар кесимида саноат ривожланишининг асосий тенденциялари
Ушбу даврда Қозоғистонда саноат ишлаб чиқариши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 фоизга ўсиб, ишлаб чиқариш ҳажми қиймат ифодасида 98,2 млрд. долларга етди. Шу билан бирга, ўсиш суръатлари 2025 йилнинг январь-август ойларига (7,6 фоиз) ҳамда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигига (3,5 фоиз) нисбатан секинлашди.
Асосий чекловчи омил тоғ-кон саноати бўлиб, ушбу тармоқда ишлаб чиқариш 4,3 фоизга қисқарди. Нефть ва газ қазиб олиш 8,4 фоизга камайган бўлса, металл рудаларини қазиб олиш 1,6 фоизга, кўмир қазиб олиш эса 7,7 фоизга ошди. Қазиб олиш саноатининг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 46,4 фоизлигини ҳисобга олганда, нефть-газ қазиб олиш ҳажмининг қисқариши саноатнинг умумий ўсиш суръатларига сезиларли таъсир кўрсатди.
Қайта ишлаш саноати 8,4 фоизга ўсиб, жами саноат ишлаб чиқаришининг 46,9 фоизини ташкил этди. 2025 йилнинг январь-август ойларига (6,5% фоиз) нисбатан ушбу тармоқда ўсиш жадаллашган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигига (9,8 фоиз) нисбатан секинлашиш кузатилди.
Тармоқлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари енгил саноатда – 1,7 баробар, фармацевтикада – 38,9 фоиз, тайёр металл буюмлар ишлаб чиқаришда – 33,3 фоиз, кимё саноатида – 27,3 фоиз ва машинасозликда – 21 фоиз қайд этилди. Машинасозликнинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 8,2 фоизни ташкил этди. Электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда ҳавони кондициялаш соҳасида ишлаб чиқариш 12,3 фоизга ўсган бўлса, бевосита электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми атиги 1,7 фоизга ошди.
Шу билан бирга, жами саноат ишлаб чиқаришининг 19,5 фоизи тўғри келадиган металл ишлаб чиқариш 2,7 фоизга, нефтни қайта ишлаш ва кокс ишлаб чиқариш 0,7 фоизга, полиграфия саноати эса 7,6 фоизга қисқарди.
Саноатга йўналтирилган инвестициялар 18 фоизга ошди. Ушбу соҳага жами инвестицияларнинг 40,6 фоизи тўғри келди. Фаолият юритаётган саноат корхоналари сони 8 фоизга кўпайди.
Умуман, 2026 йилнинг январь-август ойларида Қозоғистон саноатида ўсиш суръатларининг секинлашиши асосан қазиб олиш саноатидаги пасайиш билан боғлиқ бўлди. Саноат ўсишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эса қайта ишлаш тармоқлари бўлиб қолди.
Қирғизистонда эса ушбу даврда саноат ишлаб чиқаришининг ўсиш суръати 8,8 фоизгача секинлашиб, ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 млрд. долларни ташкил этди. Ўсиш суръати 2025 йилнинг январь-август ойлари (11,5 фоиз) ва 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги (12,7 фоиз) кўрсаткичларидан паст бўлди.
Қайта ишлаш саноати 10,1 фоизга ўсиб, унинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 79,2 фоизга етди (2025 йилнинг январь-август ойларида – 77,6 фоиз). Шу билан бирга, қазиб олиш саноатининг ўсиш суръати 2025 йилнинг 8 ойидаги 15,5 фоиздан 8,9 фоизгача секинлашди. Электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда ҳавони кондициялаш соҳасида эса 1,2 фоизлик пасайиш қайд этилди.
Саноатнинг энг йирик тармоғи ҳисобланган металлургияда (жами саноат ишлаб чиқаришининг 46 фоизи) ўсиш 4 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, қатор тармоқларда юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолди. Жумладан, кимё саноатида ишлаб чиқариш 2,3 баробарга, нефтни қайта ишлаш ва кокс ишлаб чиқаришда – 78 фоизга, қоғоз ва картон ишлаб чиқаришда – 51 фоизга, автомобилсозликда – 46,4 фоизга, полиграфия маҳсулотлари ишлаб чиқаришда – 46,1 фоизга, мебель ишлаб чиқаришда – 30,9 фоизга, резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқаришда – 16,4 фоизга, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда эса 15,1 фоизга ошди.
Озиқ-овқат саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг кенгайиши алоҳида амалий аҳамиятга эга. Уларнинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши мос равишда 9,1 фоиз ва 8,9 фоизга етди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,6 фоизга, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш эса 33,4 фоизга ўсди. Мазкур тармоқлар саноатнинг металлургияга юқори даражада боғлиқлигини камайтиришда кичик ишлаб чиқариш тармоқларига нисбатан каттароқ имкониятларга эга.
Саноат ўсишини чеклаган тармоқлар қаторида енгил саноат қайд этилди. Унда ишлаб чиқариш ҳажми деярли ўзгармай, 0,1 фоизга қисқарди. Тўқимачилик саноатида 2,3 фоизлик ўсиш кузатилган бўлса, кийим-кечак ишлаб чиқариш 1,2 фоизга, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,4 фоизга камайди. Шунингдек, электр ускуналари ишлаб чиқариш 10,8 фоизга, электр энергетикасида ишлаб чиқариш эса 3 фоизга қисқарди.
2026 йилнинг январь-август ойларида Тожикистон кўриб чиқилаётган мамлакатлар орасида саноат ишлаб чиқаришининг энг юқори ўсиш суръатини – 13,8 фоизни сақлаб қолди. Ишлаб чиқариш ҳажми қиймат ифодасида 4,9 млрд. долларни ташкил этди. Шу билан бирга, ўсиш суръати 2025 йилнинг январь-август ойларига (23,5 фоиз) нисбатан секинлашди.
Ижобий динамиканинг асосий манбаи қайта ишлаш саноати бўлиб, ушбу тармоқда ишлаб чиқариш 23 фоизга ўсди (2025 йилнинг январь-август ойларида – 6,1 фоиз). Унинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 46,8 фоиздан 51,3 фоизга ошди. Электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда ҳавони кондициялаш соҳасида ишлаб чиқариш 19,3 фоизга ўсди, энергетика тармоғининг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши эса 22,2 фоизга етди (2025 йилнинг 8 ойида – 19,4 фоиз).
Йирик тармоқлар орасида энг юқори ўсиш кимё саноатида – 63,4 фоиз (жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 1,3 фоиз), резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқаришда – 27,2 фоиз (1,2 фоиз), озиқ-овқат саноатида – 23,8 фоиз (13,9 фоиз), қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда – 23 фоиз (6,5 фоиз) ва электр энергетикасида – 19,5 фоиз фоиз (22,1 фоиз) қайд этилди.
Саноатнинг йирик тармоқларидан бири бўлган металлургияда (жами ишлаб чиқаришнинг 18,3 фоизи) ўсиш 6,9 фоизни ташкил этиб, 2025 йилнинг январь-август ойларига (7,6 фоиз) нисбатан бироз секинлашди.
Қазиб олиш саноатида салбий динамика кузатилиб, ишлаб чиқариш 7,1 фоизга қисқарди. Бунга, асосан, металл рудаларини қазиб олишнинг 8,1 фоизга, нефть ва газ қазиб олишнинг 34,9 фоизга камайиши сабаб бўлди. Кўмир қазиб олишнинг 25,4 фоизга ва бошқа фойдали қазилмалар қазиб олишнинг 19 фоизга ўсиши тармоқнинг энг йирик сегментидаги пасайишни қоплай олмади. Қазиб олиш саноатининг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 26 фоизни ташкил этди.
Қайта ишлаш саноатининг айрим тармоқларида ҳам пасайиш сақланиб қолди. Жумладан, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш 22 фоизга, нефтни қайта ишлаш ва кокс ишлаб чиқариш 17,4 фоизга, тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14,1 фоизга, электр ускуналари ишлаб чиқариш 6,7 фоизга, тўқимачилик саноати эса 0,2 фоизга қисқарди.
Саноатга йўналтирилган инвестициялар жами инвестицияларнинг 48,1 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич биринчи ярим йилликдаги 34,9 фоиздан сезиларли даражада юқори. Шу билан бирга, инвестицияларнинг асосий қисми электр энергетикаси тармоғига тўғри келди.
2026 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши 8 фоизга ўсиб, биринчи ярим йилликдаги ўсиш суръатини сақлаб қолди ва 2025 йилнинг январь-август ойлари кўрсаткичидан (6,4 фоиз) юқори бўлди. Ишлаб чиқариш ҳажми қиймат ифодасида 78 млрд. долларга етди.
Қайта ишлаш саноати ўтган йилнинг мос давридаги 6,9 фоизга нисбатан 9,1 фоизга ўсди, унинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши эса 85 фоиздан 87 фоизга ошди. Қайта ишлаш саноатининг улуши бўйича Ўзбекистон кўриб чиқилаётган мамлакатлар орасида биринчи ўринни сақлаб қолди.
Қазиб олиш саноатида ишлаб чиқариш 2,4 фоизга қисқарди, биринчи ярим йилликда эса 2,1 фоизлик ўсиш қайд этилган эди. Электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда ҳавони кондициялаш соҳасида ишлаб чиқариш 11,8 фоизга, сув таъминоти, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш соҳасида эса 10,2 фоизга ошди. Шундай қилиб, саноатнинг ижобий ўсиш суръатлари, асосан, қайта ишлаш саноати ва энергетика тармоғи ҳисобига таъминланди.
Қайта ишлаш саноатида энг юқори ўсиш суръатлари автомобилсозликда – 20,7 фоиз (жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 7,1 фоиз), бошқа транспорт воситалари ишлаб чиқаришда – 42,5 фоиз, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришда – 27,3 фоиз, фармацевтикада – 24,9 фоиз, электр ускуналари ишлаб чиқаришда – 17,3 фоиз, резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқаришда – 15,7 фоиз, тўқимачилик саноатида – 14,3 фоиз (7,4 фоиз), қоғоз ва картон ишлаб чиқаришда – 13,5 фоиз ҳамда ичимликлар ишлаб чиқаришда – 13,4 фоиз қайд этилди.
Саноатнинг энг йирик тармоғи бўлган металл ишлаб чиқариш 7,8 фоизга ўсиб, жами саноат ишлаб чиқаришининг 26,3 фоизини ташкил этди. Озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқариш 8,8 фоизга ошди, унинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 14,9 фоизга етди.
Шу билан бирга, кийим-кечак ишлаб чиқариш 8 фоизга, тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 11 фоизга қисқарди. Биринчи ярим йилликка нисбатан ёғочни қайта ишлаш, мебель, электроника ҳамда бошқа машина ва ускуналар ишлаб чиқариш тармоқларида ўсиш суръатлари сезиларли даражада секинлашди. Шунга қарамай, ушбу тармоқларда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сақланиб қолди.
Август ойи якунига кўра, фаолият юритаётган саноат корхоналари сони 65,3 мингтага етди, 2025 йилнинг август ойида эса 59 мингтани ташкил этган. Шу тариқа, саноат корхоналари сони 10,6 фоизга кўпайди.
Марказий Осиё минтақасида саноат ривожланишининг умумий тенденциялари
Марказий Осиёнинг тўрт мамлакатида саноат ишлаб чиқаришининг жами ҳажми қиймат ифодасида 188 млрд. долларни ташкил этди (2025 йилнинг январь-август ойларида – 137 млрд. доллар). Ушбу ҳажмнинг 52,2 фоизи Қозоғистон, 41,5 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келди. Мазкур икки мамлакат биргаликда кўриб чиқилаётган саноат ишлаб чиқаришининг 93,7 фоизини таъминлади. Қирғизистон ва Тожикистоннинг улуши мос равишда 3,7 фоиз ва 2,6 фоизни ташкил этди.
Минтақа саноатидаги асосий умумий тенденция қайта ишлаш саноатининг юқори суръатларда ривожланиши бўлди. Хусусан, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда қазиб олиш саноатида ишлаб чиқариш қисқарган шароитда қайта ишлаш тармоқлари саноатнинг умумий ижобий ўсиш суръатларини таъминлади.
Ишлаб чиқариш кенгайишининг умумий йўналишларидан бири автомобилсозлик бўлиб, ушбу тармоқда ўсиш Қозоғистонда 27,7 фоиз, Қирғизистонда 46,4 фоиз, Тожикистонда 34 фоиз ва Ўзбекистонда 20,7 фоизни ташкил этди. Шунингдек, тўртала мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмлари, тайёр металл буюмлар, қоғоз ва картон, мебель ҳамда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ошди. Бу минтақада саноат ўсишининг бир нечта умумий йўналишлари мавжудлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, минтақа саноати йирик тармоқларнинг чекланган доирасидаги ўзгаришларга сезгирлигича қолмоқда. Жумладан, металл ишлаб чиқаришнинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши Қирғизистонда 44,1 фоиз, Ўзбекистонда 26,3 фоиз, Қозоғистонда 19,5 фоиз ва Тожикистонда 16,1 фоизни ташкил этди.
Саноатга йўналтирилган инвестицияларнинг жами инвестициялардаги улуши мамлакатлар кесимида фарқ қилди. Ушбу кўрсаткич Тожикистонда 48,1 фоиз, Қозоғистонда 40,6 фоиз ва Қирғизистонда 17,7 фоизни ташкил этди.
Умуман, 2026 йилнинг январь-август ойлари якунлари Марказий Осиёнинг кўриб чиқилаётган барча мамлакатларида саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши сақланиб қолганини ва қайта ишлаш саноатининг роли ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда умумий ўсиш суръатларининг биринчи ярим йилликка нисбатан секинлашиши саноат ўсишининг барқарорлиги мамлакатлар кесимида турлича эканлигини кўрсатади.
Ижобий натижалардан бири қазиб олиш ва бирламчи металлургиядан ташқари қатор ишлаб чиқариш тармоқларининг кенгайиши бўлди. Хусусан, автомобилсозлик, озиқ-овқат ва кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Шу билан бирга, енгил саноат, электроника ва энергетиканинг айрим йўналишларидаги пасайиш, шунингдек, саноат ишлаб чиқаришининг йирик хомашё тармоқларида юқори даражада жамланганлиги таркибий ўзгаришларнинг чуқурлашишини чекламоқда.
Ижобий ўсиш суръатларини мустаҳкамлаш учун минтақа мамлакатларида маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, машинасозлик учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, энергия таъминоти ишончлилигини ошириш ҳамда корхоналарнинг узоқ муддатли молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида саноат кооперациясини янада ривожлантириш, айниқса, юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолаётган ва саноат ривожланишига асосий ҳисса қўшаётган тармоқларда ҳамкорликни кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга.
Моҳигул Қосимова, ЎзА