Якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида “Лизинг тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда лизинг хизматлари бозорини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, лизинг муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан аниқ тартибга солиш ҳамда шартнома шартларининг аниқлиги ва шаффофлигини таъминлаш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан “Лизинг тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, якка тартибдаги тадбиркорлар лизинг олувчи бўлганда лизинг объектини ҳисобга олишнинг ўзига хос хусусиятлари, лизинг шартномасидаги лизинг объектига бўлган ҳуқуқларни амалга ошириш тартиби, амортизацияни қўллашни назарда тутувчи шартлар белгиланмоқда.
Якка тартибдаги тадбиркорнинг лизинг шартномасида лизинг объектига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқларини, амортизацияни қўллаш тартибини ҳамда фойдаланишдаги чекловларни алоҳида кўрсатиш мажбурий экани белгиланмоқда.

Ушбу талабларга зид шартларни шартномага киритиш мумкин эмас. Якка тартибдаги тадбиркор ва лизинг берувчи ўртасида тузиладиган шартномалар учун намунавий лизинг шартномасини ишлаб чиқиш ва қўллаш мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Қонун якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, лизинг муносабатларида ҳуқуқий аниқликни таъминлаш ҳамда келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА