"Ўзбекнефтгаз" йил якунига қадар бензин ишлаб чиқариш ҳажмини 1,1 миллион тоннага етказади
Қиш мавсумида автомобиль ёқилғисига бўлган талаб ортиши эҳтимоли инобатга олиниб, ички бозорни барқарор таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бунда маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш, захираларни шакллантириш ва зарурат туғилганда қўшимча импортни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" АЖ ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилда хомашё ва тайёр нефть маҳсулотлари импорти камайганига қарамай, жамият тизимида бензин ишлаб чиқариш ҳажми оширилмоқда. Хусусан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида йил бошидан буён 916,1 минг тонна бензин тайёрланди. Бу белгиланган режанинг 101 фоизига тенг.
Йил якунига қадар ишлаб чиқаришни 1 миллион 100 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Бу ўтган йилги 1 030 600 тонна кўрсаткичга нисбатан 107 фоизни ташкил этади. Жумладан, ноябрь ойида 103,3 минг тонна, декабрь ойида эса 123,1 минг тонна бензин ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу ойларида мос равишда 87,2 минг ва 90 минг тонна маҳсулот тайёрланган.
Айни пайтда заводда бир суткада ўртача 3 200-3400 тонна бензин ишлаб чиқарилмоқда. Қиш мавсуми учун завод ва нефт базалари омборларида жами 102 минг тонна бензин захираси шакллантирилган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 25 минг тонна кўп бўлиб, икки ойлик истеъмол эҳтиёжини қоплаш имконини беради.
Брифингда бозорга маҳсулот етказиб бериш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Қишда метан гази қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилиши бензинга талабни ошириши мумкин. Шу боис "Ўзбекнефтгаз" биржа савдоларига чиқариладиган маҳсулот ҳажмини талабга қараб кунлик 8 минг тоннага, зарурат туғилганда эса 10 минг тоннагача ошириш имкониятини ҳисобга олган.
Ҳозирда жамият томонидан биржа савдоларига ҳар куни жами 4,6 минг тонна бензин, шу жумладан, 4,3 минг тонна AI-92 русумли ёқилғи чиқарилмоқда. Ўтган йили кунлик ўртача таклиф 2,2 минг тоннани ташкил этган. Шунингдек, хусусий импортёрлар томонидан бензин олиб кириш ҳажми камайган. Хусусан, октябрь ойида импорт ҳисобига ички бозорга 5,5 минг тонна бензин етказиб берилган. Мавсумий талабни қондириш ва эҳтимолий тақчилликнинг олдини олиш учун қўшимча тайёр бензин импорт қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Бозордаги нархлар ўзгаришига таъсир кўрсатаётган омиллар қаторида мавсумий талаб ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган хабарлар ҳам қайд этилди. Айрим хусусий шохобчаларда бензин тақчиллиги юзага келишидан хавотирланиб, маҳсулотни олдиндан кўпроқ харид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу биржа савдоларида талабнинг ортиши ва нархлар кўтарилишига таъсир қилиши мумкин.
Брифинг якунида жаҳон бозорида нефть нархлари ўзгариб турганига қарамай, "Ўзбекнефтгаз" томонидан биржа савдоларига чиқарилаётган бензиннинг бошланғич нархи барқарор сақланаётгани қайд этилди. Хусусан, апрель ойидан буён бир тонна бензиннинг бошланғич нархи 14 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА