Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг умумий йиғилиши ўтказилди.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашига аъзо бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистон миллий касаба уюшмалари марказлари мутасаддилари раҳбарлигидаги делегациялар, шунингдек, Туркманистон касаба уюшмалари Миллий маркази делегацияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) Европа ва Марказий Осиё сектори мудири, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашлари раислари, Федерация аппарати масъул ходимлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Нуфузли анжуманга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов раислик қилди.
Таъкидланганидек, охирги 9 йилда Марказий Осиёда улкан ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Минтақа мамлакатлари ўртасида дўстлик, ўзаро манфаатлар ва ишонч тамойилларига асосланган дўстона қўшничилик муносабатлари жадал ривожланмоқда. Буларнинг барчаси тарихан қисқа вақт ичида Марказий Осиё минтақаси давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда улкан ижобий ўзгаришлар юз бергани ва ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга олиб чиқилгани самарасидир.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақа мамлакатлари касаба уюшмаларининг дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва асосий вазифаларини амалга оширишда тажриба алмашишни тамомила янги босқичга олиб чиқди. Бунда бандликни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ижтимоий ҳимояси, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш, ходимлар маънавиятини юксалтириш, сифат жиҳатидан янгиланган таълимни илгари суриш, кадрлар малакасини ошириш, ихтисослашган ўқув муассасаларида касаба уюшма ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш вазифалари устуворлик касб этмоқда.
Шу маънода Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан тузилган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ҳам турли соҳа меҳнаткашларининг ижтимоий-меҳнат, касбий, иқтисодий ва бошқа қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини, касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоялаш, касаба уюшмаларининг халқаро бирдамлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш бўйича иштирокчи мамлакатлар касаба уюшмалари ҳаракатларини бирлаштирди.
–Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил топганига қарийб 5 йил бўлди. Бугунги умумий йиғилишни тарихий аҳамиятга эга десак, муболаға бўлмайди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов. – Бундан қарийб 5 йил муқаддам Тошкентда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг таъсис йиғилиши ўтказилган эди. Бугун ишонч билан таъкидлашимиз мумкинки, Кенгаш ўзини аъзо мамлакатларда касаба уюшмалари ҳаракати ва унинг ривожланиш истиқболлари ҳолати ҳамда фаолияти тўғрисида мунтазам фикр ва тажриба алмашиш учун муҳим платформа вазифасини бажарувчи ҳаётий ва нуфузли халқаро минтақавий касаба уюшма тузилмаси сифатида кўрсата олди.
Ҳақиқатан ҳам Кенгаш ривожланишининг 5 йиллик йўли касаба уюшмалари бирдамлиги самарадорлигини ва меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда умумий ёндашувларга бўлган талабни яққол кўрсатди. Кенгашнинг умумий йиғилишларида меҳнат муҳофазаси, ижтимоий ҳимоя, касаба уюшма таълими, янги информацион технологияларни татбиқ этиш ва касаба уюшмалари фаолиятига тааллуқли бошқа кўплаб муҳим йўналишлардаги долзарб масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ижтимоий мулоқот учун самарали майдонга айланган Кенгаш фаолияти Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) томонидан ҳам юқори баҳоланди ва Марказий Осиёдаги асосий ҳамкор сифатида тан олинди. Бир сўз билан айтганда, Кенгаш қисқа муддат ичида шунчаки расмий тузилма эмас, балки чинакам жонли ва самарали механизмга айланди ва бу нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилди.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши умумий йиғилиши очиқ деб эълон қилингач, кун тартиби тасдиқлаб олинди.
Йиғилишда 2026 йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашига раислик қилиш ваколати бир овоздан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига берилди.
Кун тартибига мувофиқ “Марказий Осиё мамлакатларида миллий уч томонлама итимоий мулоқот амалиёти” масаласи кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, ижтимоий мулоқот муносиб меҳнат, инклюзив ривожланиш ва ижтимоий ҳамжиҳатликни илгари суриш ва таъминлаш, шунингдек, самарали бошқарувни ривожлантиришнинг асосий воситасидир.
Трипартизм эса Халқаро меҳнат ташкилотининг асос солувчи тамойили ва асосий қадрияти ҳисобланади. Марказий Осиё минтақасидаги ҳар бир мамлакатда ижтимоий мулоқот ўзининг шаклланиш ва ривожланиш тарихига, шунингдек, кўриб чиқилаётган масалалар доирасига эга. Шунингдек, мамлакатларимизда уч томонлама маслаҳатлашувлар мавзуси бўлган бир қатор умумий соҳалар мавжудки, булар бандлик ва меҳнат муносабатлари, иқтисодий сиёсат, иш ўринларини яратиш, гендер тенглиги, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя, меҳнат шароитлари, Халқаро меҳнат меъёрлари ва Халқаро меҳнат ташкилоти дастурлари каби масалаларни қамраб олади.
Минтақадаги ҳар бир мамлакатда ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларини белгиловчи уч томонлама Бош жамоа келишувлари қабул қилинади. Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашига кирувчи касаба уюшма марказлари бу борада ўзига хос тажрибага эга. Йиғилишда миллий уч томонлама мулоқот бўйича тажриба алмашилди ва яқин истиқболдаги умумий вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг яна бир муҳим масала – “Марказий Осиё мамлакатларида қулай психосоциал иш шароитларини яратишда касаба уюшмаларининг роли” масаласи муҳокама этилди. Таъкидланганидек, ҳар йили 28 апрель санаси барча мамлакатларда Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида нишонланади.
Одатда ушбу кун шиори Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан белгиланади. Бу йил Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни “Келинг, соғлом психосоциал иш муҳитини таъминлайлик” шиори остида ўтказилмоқда. Ушбу кун доирасида ўтказилаётган тадбирларда психосоциал хавфлар: иш жойида стресс, чарчоқ, зўравонлик ва таъқибларга қарши курашиш, меҳнат шароитлари: иш ҳажмини оптималлаштириш, хавфсизлик маданияти: руҳий фаровонлик ва ҳиссий хавфсизлик жисмоний ҳимоя билан тенг равишда қадрланадиган муҳитни яратиш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни доирасида касаба уюшмалари ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда меҳнат жамоаларида мавзуга оид викториналар ва танловлар, ўқув семинарлари ва тренинглар, иш жойларини ўрганиш ва йўриқномаларни янгилаш тадбирларини ўз ичига олган меҳнат муҳофазаси ҳафталикларини ўтказмоқда.
Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масала “Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмаларининг платформа иқтисодиётидаги позициясини шакллантириш” мавзусини қамраб олди.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши умумий йиғилишида платформали бандлик соҳасига оид барча масалалар, шу жумладан, мавжуд хавфлар батафсил муҳокама этилди. Бу соҳада Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши баёноти ишлаб чиқилгани, кейинчалик ушбу баёнот Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясига расман тақдим этилиши билдирилди.
Навбатдаги муҳокамалар давомида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Конфедерациясига айлантириш ва Уставни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
[gallery-29007]
Қайд этилганидек, илгарироқ Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини доимий аппаратга эга тузилмага айлантиришга келишиб олинган эди. Бугун Кенгашни доимий штаб квартирага эга халқаро тузилма сифатида ташкил этиш айни муддаодир. Кенгашни Конфедерацияга айлантириш масаласи бўйича Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сотиболди Даулеталин, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Мурадил Джумадилде уулу, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Файзизода, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси фахрий президенти Адьяа Горчинсурэн сўзга чиқиб, Кенгашни Конфедерацияга айлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Янги Конфедерация Уставини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор бир овоздан қабул қилинди. Бу орқали фақат тузилма номи ўзгартирилмади, балки, минтақа касаба уюшмалари ҳаракати тарихининг янги саҳифаси очилди, десак, муболаға бўлмайди.
Шундан сўнг “Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котибини сайлаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Сўзга чиққанлар Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби этиб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Мирсоатович Рафиқовни сайлаш таклифини илгари сурди. Таклиф бир овоздан қабул қилиниб, Қудратилла Рафиқов Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби этиб сайланди.
Умумий йиғилиш давомида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош кенгаши ва унинг таркиби сайланди, Конфедерациянинг Ижроия қўмитаси таркиби тасдиқланди. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Конфедерациясининг ишчи аппаратини тузиш, унинг штатларини тасдиқлаш ва молиялаштириш манбаини белгилаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Усмонова,
С.Ўрмонов (сурат), ЎзА мухбирлари