Ўзбекистон – Албания: Глобал ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик истиқболи
Марказий Осиёнинг етакчи давлатларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон ва Болқоннинг муҳим давлати – Албаниянинг халқаро майдондаги ҳамкорлиги сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда.
Замонавий халқаро муносабатлар тизимида давлатларнинг нафақат икки томонлама, балки глобал ва минтақавий ташкилотлар, халқаро платформалар доирасидаги ҳамкорлиги алоҳида геосиёсий аҳамият касб этади. Ҳар икки мамлакат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) каби нуфузли майдонларда глобал хавфсизликни таъминлаш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва халқаро ҳуқуқ устуворлигини ҳимоя қилиш борасида ўзаро ёндашувларни мунтазам мувофиқлаштириб келмоқда.
Хусусан,БМТ доирасида глобал инқирозга қарши курашиш, иқлим ўзгариши оқибатини юмшатиш ва давлатлар суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлиги тамойилини қўллаб-қувватлашда яқин сиёсий бирдамлик мавжуд.
Ўзбекистон илгари сураётган, айниқса Орол бўйи минтақасини экологик инновация ва технология ҳудуди деб эълон қилиш ташаббуси Албания томонидан ижобий баҳоланган. Давлатларимиз 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини бажаришда халқаро ҳамжамият билан ҳамнафас ҳаракатланмоқда.
ЕХҲТ платформаси эса Ўзбекистон ва Албания учун трансмиллий таҳдид, хусусан терроризм, экстремизм, наркотрафик ва кибер жиноятчиликка қарши курашишда муҳим хавфсизлик механизмидир. Болқон ва Марказий Осиё минтақаларининг ўзига хос хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишда икки давлат ЕХҲТ ҳарбий-сиёсий ҳамда иқтисодий-экологик мезони доирасида ўзаро тажриба алмашиб келмоқда. Шу билан бирга Албаниянинг Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзолиги ўзаро алоқаларни нафақат сиёсий-ҳуқуқий, балки маданий-гуманитар йўналишда ҳам бойитишга хизмат қилади. Ушбу тузилма доирасида ислом цивилизациясининг бағрикенглик ғоясини тарғиб қилиш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва маданий меросни асраш бўйича шериклик учун кенг имконият мавжуд.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги геосиёсий ўзгариш, глобал инқироз даврида Ўзбекистон ва Албаниянинг кўп томонлама ташкилотлар орқали йўлга қўйган ҳамкорлиги икки давлатнинг ташқи сиёсатдаги концептуал қарашлари муштараклигини кўрсатади. Бу жараён нафақат мамлакатларимизнинг халқаро нуфузини оширади, балки жаҳон миқёсида тинчлик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлашга ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА