Ўзбекистон – Германия: таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи
Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим, илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик янги, амалий босқичга чиқди. Бу алоқалар миллий тизимни қандай ўзгартиради, ёшларга халқаро миқёсда қандай янги имкониятлар эшигини очади?
Ўзбекистон ва Германия кўп йиллик муносабатлари тарихида таълим ва илм-фан соҳаси ҳар доим стратегик аҳамият касб этган. Айниқса сўнгги йилларда бу жараён мутлақо янги, амалий босқичга кўтарилди. Мамлакатимиз ёшлари халқаро стандарт асосида билим олиши учун яратилаётган шароитлар Германия илмий доираларида алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Бунинг самараси икки давлат олий ўқув юртлари интеграциялашуви жараёнида яққол намоён.
Хусусан, Геология фанлари университетида Германиянинг Саксония федерал ери олийгоҳлари ваколатхонаси очилиши ёки Германияда ўқиш ниятини билдирган ёшлар учун юртимизда касбий ва тил бўйича махсус тайёрлов курслари ташкил этилиши тоғ-кон, машинасозлик, материалшунослик, геоэкология каби муҳим соҳаларда халқаро миқёсдаги профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Германия академик алмашинув хизмати (DAAD) ҳамда Гёте институтининг қўллаб-қувватлаши туфайли ўзбекистонлик талабалар ва ёш олимлар ҳар йили Европанинг етакчи университетларида малака ошириш ва қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиш имконига эга бўлмоқда.
Муваффақиятли шериклик жараёнида Германия таълим тизимининг энг илғор жиҳатларини ўзлаштириб, республикамиз миллий таълим моделига татбиқ этиш алоҳида аҳамият касб этади. Бу борада ўзлаштирилиши зарур асосий тажриба ГФРнинг дунёга машҳур дуал таълим тизими – “Duale Ausbildung” ҳисобланади. Мазкур ташаббус асосида талаба ҳафтанинг бир қисмида университетда назарий билим олса, қолган кунлари бевосита корхонада ишлаб, амалий кўникма эгаллайди.
Шундай тизимни мамлакатимизда кенг жорий этиш олий таълим масканлари битирувчиларининг бандлик муаммосини тубдан ҳал қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари Германиядаги фақат амалиёт ва лойиҳаларга йўналтирилган Амалий фанлар университетлари – “Fachhochschule” моделини жорий қилиш орқали қуруқ маърузадан воз кечиб, муҳандислик ва ахборот технологиялари соҳаларида дарс тўлиқ лабораторияга кўчирилади. Қолаверса, олмон университетларида йўлга қўйилган илм-фан ва бизнес интеграцияси, яъни йирик саноат корхоналари буюртмаси асосида илмий тадқиқот ўтказиш ҳамда талабаларга дарс жадвали ва йўналишини мустақил танлаш имконини берувчи академик эркинлик тамойилини ўзлаштириш Ўзбекистон таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва юқори интеллектуал салоҳиятга эга, мустақил фикрлайдиган мутахассислар етиштиришга хизмат қилади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА