Малайзия ва Япония ўртасида 20 йиллик йирик газ келишуви имзоланди
Глобал газ инқирози ва Эрондаги вазият фонида Япония стратегик қадам ташлади. Экспертлар фикрича, Малайзия билан 20 йиллик газ келишуви мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаши мумкин.
Таъкидланишича, Малайзиянинг “Petronas” компанияси Япониянинг “JERA” энергетика корхонасига 20 йил давомида йилига 2 миллион тонна суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб беради.
2028 йилдан кучга кирадиган ушбу шартнома Эрондаги низо туфайли юзага келган глобал газ инқирози шароитида Япониянинг энергетик захираларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Япония бош вазири Санаэ Такаичи халқаро бозордаги беқарорлик шароитида Малайзия каби ишончли шерик билан ҳамкорлик жуда муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, томонлар ўғит хомашёси ва фойдали қазилмалар таъминоти занжирини мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг маълум қилишича, икки давлат ўзаро савдода миллий валюталар (ринггит ва иена) дан фойдаланишни кенгайтиради. Бундан ташқари, томонлар сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, мудофаа ва яшил энергетика соҳаларида ҳам ҳамкорликни давом эттиради.
Ф.Яхшибоева, ЎзА