Қримда тунги вақтда йўловчи поездлари ҳаракати чекланди
Қримда узоқ масофага қатновчи йўловчи поездларнинг тунги ҳаракати вақтинча чекланди. Бу ҳақда ярим орол маъмурияти раҳбари Сергей Аксёнов маълум қилди.
Янги тартибга кўра, 10 июндан бошлаб поездлар Қрим ҳудудига эрталаб 05:00 дан кечқурун 23:00 гача кириб келади. Симферополга йўналган айрим тунги рейслар эса Керч-Южная бекатида тўхтайди.
Маълум қилинишича, аввал тунги вақтда ҳаракатланган олти жуфт поезд 10 йўналиш бўйича қатнов амалга оширган. Энди ушбу йўналишдаги йўловчилар Керчдан Симферополь, Жанкой ва Владиславовка каби шаҳарларга автобус билан етказилади.
Аввалроқ Қрим маъмурияти 8 июнга ўтар кечаси Москва – Симферополь йўналишидаги йўловчи поезди локомотивига дрон ҳужуми уюштирилганини билдирган эди. Ҳодиса оқибатида машинист ёрдамчиси ҳалок бўлган, бошқарувчининг ўзи эса жароҳат олган. Украина томони фуқаролик объектларига зарба берганини рад этмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА