Хитой денгиз ўртасида нима қуряпти? Филиппин хавотирда
Филиппин ҳукумати Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли Скарборо маржон рифи атрофида пайдо бўлган сузувчи объект юзасидан Хитойга расмий норозилик нотаси юборди. Манила бу иншоот зудлик билан олиб ташланиши кераклигини таъкидламоқда. Филиппин расмийлари фикрича, мазкур иншоотнинг пайдо бўлиши кейинчалик доимий қурилишга замин яратиши мумкин. Шу боис мамлакат ҳарбий ва хавфсизлик идоралари вазиятни жиддий кузатмоқда.
Филиппин томони тарқатган суратларда сув устида жойлашган квадрат шаклдаги платформа акс этган. Мажмуа марказида антенна ўрнатилган, қурилма саҳнида бир неча одам кўринган. Расмийлар ҳозирча объектнинг аниқ вазифаси ҳақида хулоса чиқаришга шошилмаяпти. Бинобарин, иншоот оддий денгиз жиҳози эмаслиги ҳақидаги шубҳа кучаймоқда.
Маниланинг асосий хавотири Хитой тажрибаси билан боғлиқ. Сўнгги йилларда Пекин Жанубий Хитой денгизида бир неча сунъий орол барпо этди. Яъни, илк босқичда кичик платформа ёки муваққат иншоот сифатида баҳоланган лойиҳа кейинчалик ҳарбий инфратузилмага айланган ҳолатлар ҳам кузатилган. Шу боис, филиппинлик мутахассислар ҳозирги вазиятни навбатдаги узоқ муддатли ташаббуснинг бошланиши сифатида кўряпти.
Скарборо маржон рифи минтақанинг энг баҳсли нуқталаридан бири ҳисобланади. Йирик халқаро савдо йўлига яқин жойлашган бу ҳавза бой балиқ захирасига ҳам эга. 2012 йилдан буён риф устидан амалда Хитой назорат ўрнатган. Филиппин ҳам муайян даъводан воз кечмаган ва мазкур манзилни ўз иқтисодий манфаати доирасидаги денгиз ҳудуди, деб ҳисоблайди.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги эса масалага ёндашувини ўзгартирмаяпти. Риф устидан “шубҳасиз суверен ҳуқуқи”ни таъкидлаб келадиган Пекин ҳавзадаги илмий тадқиқот ва бошқа кўринишдаги фаолиятларни қонуний ҳисоблайди. Айнан шу қарама-қарши ёндашув Жанубий Хитой денгизини Осиё-Тинч океани минтақасидаги энг мураккаб геосиёсий баҳслардан бирига айлантирган.
Мусулмон Зиё, ЎзА