Мактаблар рейтинги: Энг юқори ўринларда – Бухоро, Навоий ва Хоразм, охирги ўринларда – Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида умумтаълим мактаблари рейтингига оид тадбир ўтказилди.
Президентимизнинг ҳудудлар кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтингини тузиш бўйича топшириғига асосан ўтган йилдан бошлаб, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан барча мактаблар рейтинги аниқланиб, эълон қилинмоқда.
Тадбирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари 2021 йил якунлари бўйича мактаблар рейтингини аниқлаш бўйича бажарилган ишлар ва ўтказилган тадқиқотлар натижалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Таълим инспекцияси томонидан ўтган бир йил давомида мактаблар рейтингини аниқлаш бўйича иккита тадқиқот амалга оширилган.
Хусусан, барча мактаблар рейтингини аниқлаш учун юртимизнинг 14 та ҳудудидаги 207 та туман (шаҳар)ларда жойлашган 9 минг 954 мактаб фаолияти таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари асосида 2021 йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги ҳамда туман ва шаҳарларнинг таълим сифати бўйича рейтинги тайёрланди.
[gallery-9024]
Бунда халқаро тажриба ҳамда маҳаллий устувор масалаларга алоҳида эътибор берилиб, 4 та йўналишда 8 та индикатор белгиланди.
– ўқувчиларнинг ҳаётга тайёргарлик даражаси (билим даражаси, олийгоҳларга кириш кўрсаткичи, хорижий тилни билиш даражаси ва бандлик);
– педагогларнинг сифат таркиби ва салоҳияти (олий ва биринчи тоифага эга педагоглар улуши);
– мактаблардаги маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий муҳит (5 та ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар ва ўқувчилар орасида жиноятчилик);
– маҳаллий ҳокимликларнинг мактаблар ривожи учун қўшган ҳиссаси (маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан мактаб ривожи учун сарфланган маблағлар).
Ҳудудлар рейтингида энг юқори ўринларни Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари эгаллаган бўлса, энг охирги ўринларни Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари банд этишди.
Туман ва шаҳарлар рейтингида юқори ўнталикдан Навоий, Бухоро шаҳарлари, Жондор тумани, Когон шаҳри, Зарафшон, Хива шаҳарлари, Когон, Учқудуқ туманлари, Урганч, Ғозғон шаҳарлари жой олди.
Сўнгги ўринларда эса Бўка, Тахиатош, Тошкент, Тупроққалъа, Зафаробод туманлари, Нурафшон шаҳри ҳамда Учтепа, Қибрай, Қамаши, Юқори Чирчиқ туманлари эканлиги маълум бўлди.
Ихтисослаштирилган мактаблар бўйича юқори ўнталикдан Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 4-Ихтихослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 6-ихтисослашган мактаб-интернат, Бухоро вилояти Жондор тумани 49-ИДУМ, Хоразм вилояти Шовот тумани ХФММИ, Бухоро вилояти Когон тумани 1-ИДУМ, Хоразм вилояти Хива шаҳри 56-ИМИ, Жиззах вилояти Жиззах шаҳри “Умид ИДУМ”, Наманган Мингбулоқ тумани 13-ИДУМ, Наманган вилояти Чортоқ тумани 20-ИДУМ, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани 12-АФЧЎИМИлар ўрин олди.
Сўнгги ўринларда эса Тошкент вилояти Бўка туманидаги 16-ИДУМ, Наманган вилояти Наманган шаҳридаги 40-ИДУМ, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги 69-ИДУМ, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 180-ИДУМ, Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 12-ИДУМ, Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги 39-ИДУМ, Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 56-ИДУМ, Хоразм вилояти Хива шаҳридаги 97-ММИ, Хоразм вилояти Боғот туманидаги 47-ИДУМ, Тошкент вилояти Бўка туманидаги 27-ИДУМ мактаблар эканлиги аниқланди.
Умумий ўрта мактаблар рейтингида юқори ТОП-10ликдан Навоий вилояти Навоий шаҳри 13-мактаб, Бухоро вилояти Бухоро шаҳри 38-мактаб, Бухоро вилояти Бухоро тумани 49-мактаб, Бухоро вилояти Жондор тумани 3-мактаб, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани 21-мактаб, Навоий вилояти Навоий шаҳри 9-мактаб, Бухоро вилояти Бухоро шаҳри 28-мактаб, Бухоро вилояти Бухоро тумани 14-мактаб, Бухоро вилояти Жондор тумани 41-, 38-мактаблар ўрин олди.
Сўнгги ўринларда эса Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 34-мактаб, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 209-мактаб, Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 295-, 62-мактаблар, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманидаги 16-мактаб, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 54-мактаб, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги 99-98- ва 100-мактаблар ҳамда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 178-мактаб эканлиги маълум бўлди.
Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тўплаган баллари бўйича туман ва шаҳарлар миқёсида энг юқори ТОП-5 та ўринларни Навоий шаҳри (88,5), Бувайда тумани (88,1), Қизилтепа тумани (86,7 балл), Шофиркон тумани (86,6), Қоракўл тумани (85,8) эгаллади. Ушбу индикатор бўйича энг паст кўрсаткичли ТОП-5 таликда Бектемир тумани (34,4), Томди тумани (41,3), Янги Наманган тумани (52,7), Шуманай тумани (55,6) ва Конимех тумани (58,3) қайд этилди.
Битирувчиларнинг ОТМга кириш салмоғи бўйича Навоий шаҳри (47,4), Зарафшон шаҳри (43,5),Қоровулбозор тумани (41,4), Учқудуқ тумани (40,1) ва Қизилтепа тумани (38,5) ўқувчилари энг яхши натижа қайд этган бўлса, Тошкент тумани (2,2), Янги Наманган тумани (3,7), Наманган шаҳри (5,8), Ургут тумани (7,8) ва Сўх тумани (8,3) энг паст натижа кўрсатишган.
2021 йилда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 100 фоиз мактаблар бўйича бир нафар ўқувчига ўртача 31 минг 390 сўм харажат ажратилган. Бу борада ҳудудлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси (161 минг 350 сўм), Навоий вилояти (118 минг 650 сўм), ва Бухоро вилояти (69 минг 920 сўм) энг фаол эканлиги маълум бўлди. Қуйи ўринларда эса Фарғона (5 минг 600 сўм), Қашқадарё (11 минг 460 сўм) ва Самарқанд (11 минг 510 сўм) вилоятлари қайд этилди.
16 та туман (шаҳар)ларда ҳокимликлар томонидан мактаб таълимини ривожлантириш учун маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан маблағ ажратилмаган. Булар Арнасой, Зарбдор, Мирзачўл, Янгиобод, Нишон, Норин, Қоровулбозор, Қумқўрғон, Музробод, Олтинсой, Узун, Жалақудуқ туманлари ҳамда Қарши, Ангрен, Чирчиқ, Каттақўрғон шаҳарлари.
Ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятлар таҳлили бўйича энг юқори кўрсаткич Фарғона (491 та), Тошкент шаҳри (165 та) ва Тошкент (142 та) вилоятларида қайд этилган. Ўқувчилар томонидан энг кам жиноят содир этган ҳудудлар эса қуйидагилар: Жиззах вилоятида 23 та, Сирдарёда 25, Қорақалпоғистон Республикаси 27.
Н.Усмонова,
ЎзА