“Ўзмиллийбанк” кўмаги: битирувчилар тадбиркорликка йўналтирилмоқда
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказида инсон қадрини улуғлаш ва ёшларнинг порлоқ келажагини таъминлашдек олижаноб мақсад мужассам.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз учун ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг қобилият ва интилишларини рўёбга чиқариш нафақат иқтисодий вазифа, балки ватанпарварлик бурчимиздир. Эртамиз эгалари бўлган ўғил-қизларимизнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш орқали биз Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини қурамиз”.
Ана шундай эзгу интилишларнинг амалий ифодаси сифатида Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университетида “Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ва бизнес ғояларини молиялаштириш бўйича янги имкониятлар” мавзусида ташкил этилган “Ёшлар билан очиқ мулоқот” учрашуви чинакам имкониятлар майдонига айланди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда вилоятдаги олий таълим муассасалари битирувчилари, мутасадди идоралар ва банк тизими вакиллари иштирок этди.
[gallery-28945]
Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, Гулистон давлат педагогика институти ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиали битирувчилари видеоконференцалоқа орқали мулоқотга қўшилиб, ўз ташаббуслари билан ўртоқлашди. Учрашувни университет проректори Фазлиддин Шарипов очиб берар экан, битирувчилар бандлигини таъминлаш ва уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланганига алоҳида урғу берди.
Мулоқот давомида “Ўзмиллийбанк” АЖ вакиллари ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва ҳақ тўланадиган амалиёт дастурларини жорий этиш бўйича тизимли маълумотларни тақдим этди.
Хусусан, “Келажакка қадам” дастури доирасида республика бўйича 6 минг нафардан зиёд ёш тадбиркорнинг лойиҳалари учун 378 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани, Сирдарё вилоятида эса 400 нафарга яқин битирувчига 15 миллиард сўмлик молиявий кўмак берилгани эътироф этилди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари бевосита амалий қўллаб-қувватлаш чораларида намоён бўлди: 5 нафар битирувчига тадбиркорликни бошлаш учун жами 100 миллион сўм маблағ ва бир нафар талабага 100 миллион сўмлик ваучер тақдим этилди.
Жорий йилнинг 24 февраль куни Президентимиз томонидан ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини “Ёшлар куни” сифатида нишонлаш ташаббусининг илгари сурилиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Мазкур учрашув ҳам айнан ушбу эзгу ташаббус доирасида ташкил этилган бўлиб, ёшларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Зеро, Президентимиз айтганларидек, “Биз ёшларга шароит яратиб берсак, улар тоғни талқон қилади”.
Кўргазмали чиқишлар, стартаплар тақдимоти ва очиқ савол-жавобларга бой бўлган мулоқот сирдарёлик ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.
Ғулом ПРИМОВ, Умид ОБИДЖОНОВ (сурат), ЎзА