Мирзачўлга хориж инвестицияси келади
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманига Хитой Халқ Республикасининг “MCC Huatian Engineering & Technology” компанияси делегациясининг ташрифи ҳудуд иқтисодий салоҳиятига халқаро қизиқиш ортиб бораётганининг яққол ифодаси бўлди.
Туман ҳокимлигида ўтган мулоқотлар чоғида Мирзачўлнинг табиий-иқтисодий имкониятлари, саноатни диверсификация қилиш йўналишлари ва истиқболли инвестиция лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, замонавий инфратузилма, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун ажратилган ер майдонлари ҳамда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур ташаббуслар мамлакатимизда хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган изчил давлат сиёсати доирасида амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонлари бу борада мустаҳкам ҳуқуқий замин яратиб бермоқда.

Айнан шу каби меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида жойларда инвесторлар билан манзилли ишлаш, уларга амалий кўмак бериш, инфратузилмани яхшилаш ва саноат зоналарини ривожлантириш ишлари янги босқичга кўтарилди. Мирзачўлдаги мазкур учрашув ҳам ана шу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида эътироф этилади.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувга эришдилар. Бу эса нафақат туман, балки бутун вилоят иқтисодиётига янги суръат, янги иш ўринлари ва янги имкониятлар олиб кириши, шубҳасиз.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА