Маҳаллий Кенгашлар фаолияти такомиллаштирилади
Бугун Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатларини аниқ белгилаш ва уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш орқали ҳудудий бошқарув самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасига кўра, Халқ депутатлари кенгашларининг қўшимча ваколатлари фақат қонун ҳужжатлари билан белгиланиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши раиси бир вақтнинг ўзида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашга раислик қилиши белгиланмоқда.
Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятини янада самарали ташкил этишга, ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларда маҳаллий Кенгашларнинг ролини ортишига ва бу борада ижро ҳокимияти билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА