Маҳалла тизими вакилларининг давлат бошқаруви бўйича билим ва кўникмалари мустаҳкамланмоқда
Сенатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курси тингловчилари учун навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди.
Тингловчиларга Сенат фаолияти, унинг ташкилий тузилмаси, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Бу орқали маҳалла тизими вакилларининг давлат бошқаруви институтлари фаолияти тўғрисидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова маҳалла институтини ривожлантириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг аҳамияти бўйича ўз фикрларини билдирди.

Ёшлар, хотин-қизлар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан тингловчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва амалий таклифлари кенг муҳокама қилинди.
Айтиб ўтиш жоизки, Сенат қўмиталари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари тингловчилари ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида сенаторлар иштирокида мунтазам равишда амалий семинарлар ташкил этиб келинмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА