Мағрур кўчаси: мағрурликми ёки масъулиятсизлик?
ФОТОТАНҚИД
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги «Олий ҳиммат» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди нафақат аҳоли яшаш жойи, балки стратегик ва ижтимоий объектлар тўпланган манзил ҳамдир. Бу ерда 5-болалар шифохонаси, марказий ҳарбий госпиталь, 27-умумтаълим мактаби ва 333-мактабгача таълим ташкилоти жойлашган. Бироқ маҳалла ҳудудидаги Мағрур кўчасининг бугунги аҳволи шаҳарсозлик маданияти ва хавфсизлик қоидаларига мутлақо зид келаётгани кишини хавотирга солади.
Бундан 15-20 йил муқаддам ушбу кўчанинг қиёфаси анча тартибли, энг муҳими, пиёдалар учун хавфсиз эди. Йўлнинг икки четида махсус йўлаклар бўлиб болалар ва кексалар ҳеч қандай хавотирсиз ўз манзилларига етиб оларди. Аммо йиллар ўтиши билан кўча юзидаги ҳовлилар янгитдан таъмирланиб, қасрмонанд бинолар қад ростлади. Энг ачинарлиси, янги участка қурган аксарият хонадон эгалари ўз ҳовлилари ҳажмини йўл четидаги пиёдалар йўлаги ҳисобига кенгайтириб олди. Натижада, илгари мавжуд бўлган пиёдалар йўлаги деворлар ва дарвозахоналар остида қолиб бутунлай “ғойиб” бўлди.
[gallery-26946]
Бугун Мағрур кўчасида мактаб ўқувчилари, касалхонага келган беморлар ва кексалар тинимсиз қатнаётган автомобиллар орасида ҳаётини хавфга қўйиб ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда. Ўз ҳовлисини бир неча метрга кенгайтирган “уддабурон” қўшнилар ўзгаларнинг, айниқса, ёш болаларнинг ҳаётини нақадар хавф остига қўяётганлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаяпти.
Маҳалла фуқаролар йиғини раҳбариятининг тез-тез ўзгариши ва масъулларнинг эътиборсизлиги сабаб бу тартибсизликлар йиллар давомида илдиз отди. Маҳалла йиғинларида бу масала неча бор кўндаланг қўйилганига, тегишли ташкилотлар ваъдалар берганига қарамай, амалда ҳеч қандай ижобий натижа кўринмаяпти. Наҳотки туман ҳокимлиги, кадастр хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари бу очиқдан-очиқ қонунбузарликка кўз юмишда давом этса?
Маҳалла аҳли ҳамон умидвор: қачондир адолат қарор топади, эгаллаб олинган йўлаклар асл ҳолига қайтарилади ва болалар мактабга автомобиллар ғилдираклари орасида эмас, хавфсиз йўлакларда боришади. Бунинг учун эса фақат ваъдалар эмас, балки қатъий назорат ва кескин чоралар зарур.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА