Коррупцион жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Дастлаб депутатлар коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

Масъул депутат Даврон Ариповнинг қайд этишича, ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик ва жазо чораларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ёшларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаш таклиф этиляпти. Хусусан, Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими коррупцияга оид жиноятлар атамаси билан тўлдирилиб, у билан 19 та турдаги жиноий қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар ҳисобланиши белгиланмоқда.

Жиноят кодекси эса ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилганлик, фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва жиноят туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган шахс жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинмаслиги ва жазо енгиллаштирилмаслигини назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда. Айнан фирибгарлик жинояти билан азият чекаётган фуқаролар сони кўпаяётгани ва уларнинг таклифи билан бу бўйича жазони енгиллаштирмаслик мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Худди шундай қоида такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд жуда кўп миқдорда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланяпти.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва фирибгарлик ҳаракатларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этиш жинояти учун ҳам жавобгарлик чоралари оғирлаштирилмоқда.
Спорт мусобақаларининг иштирокчи ва ташкилотчиларини пора йўли билан оғдиришга оид жиноятлар ҳам коррупцион жиноят турига киритилмоқда. Порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари ҳам қайта кўриб чиқилди.
Шунингдек, лойиҳада коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига оид масалаларга эътибор қаратилган. Маданият органларида коррупцияга қарши муросасиз муҳитни қарор топтиришга қаратилган чоралар белгиланмоқда.
Коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга нисбатан Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмаган ҳолда, икки йил давомида интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмаслиги кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида болаларда ҳалоллик туйғусини шакллантириш, уларни қонунларни ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари ҳам назарда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни такомиллаштириб, жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади. Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА