Маҳаллий ишлаб чиқариш – импортга муносиб рақобат (+видео)
Фарғона вилояти Бағдод туманидаги Намуна маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Муроджон Каримов болалар учун мебель ва ўйингоҳ жиҳозлари ишлаб чиқариш орқали ўз бизнесини муваффақиятли ривожлантирмоқда.
Тадбиркор фаолиятини дастлаб 3–4 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришдан бошлаган бўлса, бугунги кунда 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни бозорга таклиф этмоқда. Айни пайтда унинг маҳсулотларига нафақат ички бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам талаб ортиб бормоқда.
Муроджон Каримов 2006 йилда Россияда меҳнат фаолиятини бошлаб, мебель ишлаб чиқариш соҳасида зарур тажриба орттирган. Кейинчалик у тўплаган билим ва кўникмаларини юртимизда қўллаш мақсадида 2021 йилдан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Илк босқичда муайян қийинчиликлар кузатилган бўлса-да, изчил меҳнат ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали бугунги натижаларга эришилди.
Оилавий корхонада мактабгача таълим муассасалари учун стол-стуллар, турли хил мебель жиҳозлари ҳамда болалар майдончалари учун ўйин элементлари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, маҳсулотлар буюртма асосида ҳам тайёрланаётир.
[gallery-28736]
Тадбиркор замонавий ишлаб чиқариш тажрибаларини ижтимоий тармоқлар орқали ўрганиб, амалиётга жорий этмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига маҳсулотлар арзон, сифатли ва мустаҳкам бўлиб, импорт маҳсулотларига муносиб рақобат яратмоқда.
Келгусида тадбиркор ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва экспорт кўламини оширишни режа қилган. Унинг таъкидлашича, бугун мамлакатимизда меҳнат қилиб барқарор даромад топиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Q99PCJepWJc" title="Mahalliy ishlab chiqarish – importga munosib raqobat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат, видео), ЎзА