Энергетика соҳасида назорат кучайтирилмоқда
Энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари изчил кучайтирилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг хабар беришича, ўтказилган шундай тадбирлардан бирида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида фаолият юритиб келаётган “Ш.” акциядорлик жамиятида энергия аудит талаблари бажарилмагани аниқланди. Йилига 500 ва ундан ортиқ тонна шартли ёқилғи ҳамда 250 ва ундан ортиқ тонна мотор ёқилғисини истеъмол қилувчи юридик шахсларда энергия аудити ўтказилиши белгиланган.
Бироқ ўрганишлар давомида мазкур корхонада энергия аудити натижаларига кўра ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси тўлиқ амалга оширилмагани маълум бўлди. Шу муносабат билан корхонага нисбатан ўртача ойлик энергия истеъмоли қийматининг уч фоизи миқдорида, яъни 16,2 миллион сўм иқтисодий санкция қўлланилди.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати ҳам фош этилди. Назорат тадбирлари давомида “Ш. П.” МЧЖга қарашли бинода ҳисоблагич уланиш схемаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани ва шу орқали электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб келингани аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 258 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Фарғона вилоятидаги энергетика объектларида олиб борилган текширувлар эса хавфсизлик қоидаларига риоя этиш масаласи ҳам долзарб эканини кўрсатди. Хусусан, Марғилон шаҳрида жойлашган 220-сонли трансформатор пунктида таъмирлаш ишларини олиб бораётган бригада иш жойини етарлича тайёрламаган ҳолда, хавфсизлик техникаси қоидаларига зид равишда фаолият юритаётгани аниқланди. Инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган мазкур ҳолат юзасидан бригада иш жойидан четлатилди.
Мазкур ҳолатлар энергетика соҳасида интизом ва масъулиятни янада ошириш зарурлигини кўрсатади. Назорат тадбирларининг кучайтирилиши эса қоидабузарликларни бартараф этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва хавфсизликни таъминлашда жуда муҳим.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА