Кўнгил шоири билан учрашув
Ижод — дунё мўъжизалари ичра ноёб мўъжиза. Шеърият эса ана шундай мўъжизанинг энг нодир намунасидир. Олимлар фикрича, қайси давр ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишни истасангиз, ўша даврда яратилган шеърларни ўқинг. Чунки унда замон нафаси мужассам.
Ўзбек шеъриятида ўзининг бетакрор ижоди билан муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳам том маънода кўнгил шоири. Унинг шеърлари инсон қалбининг энг нозик торларидан таралган куйга ўхшайди.
Алишер навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ана шундай дилбар шоир билан учрашув бўлиб ўтди. Унда профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда шоирнинг чин мухлислари иштирок этди. Олийгоҳ профессори Нусратулло Жумахўжа шоир ижодининг ўзбек адабиётида тутган ўрнини таъкидлаб, уни буюк шоир Маяковский билан ўхшаш жиҳатларини эътироф этди.

Мазкур учрашувда томошабинлар шоир қалби ҳақиқатан қаримаслигига амин бўлди. Негаки, Усмон Азим томонидан ўқилган шеърлар оташин муҳаббат, кенг фалсафий хулосалар ҳамда нозик ҳис-туйғуларни ўзида жамлаган. Шоирнинг самимийлиги, ҳазил-мутойибага бой суҳбати тадбир руҳиятининг кўтаринки тус олишини таъминлади. Шунингдек, талабалар бевосита ўзлари қизиқтирган саволларига шоирдан жавоб олиш имконига эга бўлди.
—Шеъриятга меҳр қўйишимга айнан Усмон Азимнинг ижоди муҳим ўрин тутган, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети учинчи босқич талабаси Элдор Ёқубов. —Бугунги кун мен учун гўзал кун сифатида хотирамда қолади. Негаки, мен севимли ижодкорим билан бир даврада бўлиш бахтига муваффақ бўлдим.
Университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Гулноза Жўраева Усмон Азим нафақат назмда, балки драматургияда ҳам салмоқли ижод қилганини таъкидлади.
Хусусан, унинг Чўлпонга бағишланган “Кундузсиз кечалар” драмаси тeaтримизнинг шоҳ асари эканини эътироф этди. Шундан сўнг шоирга олийгоҳ раҳбарияти томонидан миннатдорлик сифатида ўзига хос совғалар улашилди. Бу эса шоирга ўзгача завқ бағишлади.
Шербек Исломов, ЎзА