Кон бағрида камол топган олийгоҳ
Олмалиқ шаҳри нафақат йирик саноат маркази, балки муҳандислик тафаккури шаклланган ҳудуд сифатида мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Бу ерда фаолият юритаётган Олмалиқ давлат техника институти эса ярим асрдан зиёд вақт давомида кончилик ва металлургия соҳалари учун малакали мутахассислар тайёрлаб келмоқда.
Бугун эса олийгоҳ ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйиб, таълим билан бир қаторда илм-фан ва инновациялар марказига айланишни мақсад қилган.

Институт тарихи 1963 йилдан бошланади. Ўша йили Тошкент политехника институтининг кон-металлургия факультетини ишлаб чиқаришга яқинлаштириш мақсадида бевосита Олмалиқ шаҳрига кўчирилди. Бу қарор мамлакатнинг йирик кон-металлургия корхоналарини юқори малакали муҳандислар билан таъминлаш эҳтиёжидан келиб чиққан эди.
Кейинги йилларда таълим муассасаси бир неча бор қайта ташкил этилди. 1995 йилда унинг фаолияти тўхтатилган бўлса, 2001 йилда Навоий давлат кончилик институти таркибида қайта тикланди. 2017 йилдан эса Тошкент давлат техника университетининг филиали сифатида иш бошлади. Президентимизнинг 2025 йил 8 сентябрдаги қарорига мувофиқ, олийгоҳ мустақил Олмалиқ давлат техника институти мақомини олди. Бу қарор унинг ривожланишида янги даврни бошлаб берди.
Бугун институт фақат муҳандис кадрлар тайёрлаш билан чекланмайди. Унинг олдига саноат учун илмий ечимлар ишлаб чиқиш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш билан илм-фан интеграциясини таъминлаш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда 2025-2030 йилларга мўлжалланган ривожланиш концепцияси қабул қилинди.

Айни пайтда институтда 5400 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Келгуси йилларда уларнинг сонини 9 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Сўнгги йилларда 12 та янги таълим дастури йўлга қўйилиб, йўналишлар сони 23 тага етди. Кончилик ва металлургия билан бир қаторда ахборот технологиялари, компьютер инжиниринги, қурилиш, архитектура, иқтисодиёт ва экология каби замонавий йўналишлар ҳам ривожлантирилмоқда.
Олмалиқ давлат техника институтининг энг муҳим жиҳатларидан бири таълимнинг ишлаб чиқариш билан узвий боғланганидир. Олмалиқ кон-металлургия комбинати корхоналарида 17 та кафедра филиали ташкил этилган. Талабалар назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлайди, корхона мутахассислари эса таълим жараёнида иштирок этади. Бу эса ёш мутахассисларни меҳнат бозори талабларига мос ҳолда тайёрлаш имконини беради.
Институтда илмий тадқиқотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йилда Олий аттестация комиссияси қарори билан институт ҳузурида металлургия ва фойдали қазилмаларни бойитиш йўналишлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш ташкил этилди. Энди ёш тадқиқотчилар ўз илмий ишларини айнан Олмалиқда ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди.
Олийгоҳда инновацион фаолият ҳам янги босқичга чиқмоқда. Президентнинг 2026 йил 4 апрелдаги фармони асосида институтда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, "spin-off" инновацион корхоналарини ташкил этиш бўйича ишлар бошланди. Шунингдек, геология, металлургия ва техника соҳаларига ихтисослашган "GeoMetTex" муҳандислик мактаби ҳамда сунъий интеллект технологияларига асосланган "Simbiotech" лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган.

Халқаро ҳамкорлик ҳам институт фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хитой ва Туркиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва лабораториялар ташкил этиш бўйича келишувларга эришилган. Бу эса институтнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Олмалиқ давлат техника институти бугун нафақат муҳандис кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаси, балки саноат, илм-фан ва инновациялар уйғунлашган илмий марказ сифатида шаклланмоқда. Унинг ривожланиши нафақат Олмалиқ шаҳри, балки мамлакат саноати ва муҳандислик таълими истиқболи учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Яқин йилларда институт олдига қўйилган вазифалар талабалар сонини ошириш, халқаро аккредитациядан ўтиш, ўз илмий мактабини шакллантириш ва инновацион корхоналар ташкил этиш унинг мамлакатдаги етакчи муҳандислик олийгоҳларидан бирига айланишига мустаҳкам замин яратади.
Дониёр Холиқулов,
Олмалиқ давлат техника институти кафедра мудири,
техника фанлари доктори, профессор.
ЎзА