Фарида Афрўзнинг янги китоблари тақдимоти ўтказилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз шоира Фарида Афрўзнинг «Танланган асарлар» ва «Шуур» номли китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Шеърият мухлислари жам бўлган мазкур адабий тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. Шунингдек, тақдимот Zoom платформаси орқали мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги адабиёт ихлосмандларини ҳам бирлаштирди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли шоира ва маънавият тарғиботчиси, «Шуҳрат» медали соҳибаси Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев ҳамда бошқалар миллий шеъриятимиз тараққиётида аёл ижодкорларнинг муносиб ўрни ва ҳиссаси борлигини таъкидлади.

– Фарида Афрўзнинг янги китоблари тақдимоти мамлакатимизда Ёшлар куни кенг нишонланаётган айни шу қувончли кунларда ўтказилаётгани айниқса аҳамиятли, – деди Сирожиддин Саййид. – Ёшларга қаратилаётган эътибор доирасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Фарида Афрўз ўзининг бетакрор овози, нафис ва юксак бадиий савиядаги шеърлари билан замонавий ўзбек шеъриятида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу каби ижодкорнинг мавжудлиги барчамизга ғурур бағишлайди.

– «Танланган асарлар» китобидан шоиранинг турли йилларда яратган энг сара шеърлари, қисса, эссе ва таржималари ўрин олган, – деди Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи. – Ушбу асарлар самимияти, нафосати ва юксак бадиий қиммати билан китобхонлар меҳрини қозониши шубҳасиз.

Тақдимот давомида Фарида Афрўзнинг ҳаёти ва ижод йўли, миллий адабиёт ҳамда маънавиятимиз равнақига қўшган муносиб ҳиссасини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди.
Сўзга чиққан устоз ижодкорлар шоиранинг замонавий ўзбек адабиётидаги ўрни, унинг шеъриятидаги бадиий тафаккур, инсонпарварлик, ватанпарварлик ва юксак маънавий қадриятларнинг ифодаси ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири