Карманада газ тармоқлари янгиланмоқда
Юртимизда аҳолини табиий газ билан узлуксиз ва хавфсиз таъминлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ҳамда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Навоий вилоятида ҳам манзилли дастурлар асосида газ тармоқларини янгилаш ишлари давом этмоқда.
Кармана туманининг Катта Мачит маҳалласида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалига қарашли қурилиш-монтаж бригадаси томонидан маҳалланинг “Анорзор” кўчасида мавжуд юқори босимли, диаметри 159 миллиметр бўлган 960 метр ер ости газ қувурини ер устига чиқариш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

– Ушбу лойиҳа 2026 йил манзилли дастур доирасида амалга оширилмоқда, – дейди бригада етакчи муҳандиси Ҳусан Муҳаммедов. – Натижада маҳалла ҳудудидан ўтувчи Д-159 миллиметрли газ тармоғи тўлиқ мукаммал таъмирланади. Энг муҳими, мазкур ишлар 842 та хонадоннинг табиий газ таъминотини янада барқарор ва сифатли бўлишини таъминлайди. Айни пайтда пайвандчи ва чилангарлар ҳавонинг иссиқ бўлишига қарамасдан, белгиланган муддатларда ишларни сифатли якунлаш учун астойдил меҳнат қилмоқда.

Кармана туманида олиб борилаётган бу каби реконструкция ишлари аҳолига қулайлик яратиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири