Ижтимоий ҳимоя соҳасида дуал таълимни жорий этишга қаратилган ҳамкорлик кенгаймоқда
Ижтимоий ҳимоя тизимида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, аввало, малакали кадрлар тайёрлашга боғлиқ.
Шу боис сўнгги йилларда соҳада халқаро тажрибани жорий этиш, таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда замонавий мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Германия тажрибаси асосида дуал таълим тизимини йўлга қўйиш муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ижтимоий ҳимоя соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг дуал моделини жорий этиш истиқболлари ҳамда экспертлик таҳлиллари натижалари муҳокама қилинди.
Учрашувда GIZ эксперти Томас Люкс Ўзбекистонда ижтимоий ходимлар ва уларнинг ёрдамчиларини тайёрлаш тизимини ривожлантириш бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари ҳамда амалий тавсияларни тақдим этди. Унинг таъкидлашича, соҳада назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш кадрлар тайёрлаш сифатига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.
Мулоқот давомида “Ижтимоий иш” йўналиши бўйича дуал таълим дастурини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур модель олий таълим муассасаларидаги назарий таълимни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва соҳадаги бошқа ташкилотлардаги амалий тайёргарлик билан уйғунлаштиришни назарда тутади. Бу эса талабаларнинг ўқиш жараёнидаёқ касбий тажриба орттиришига хизмат қилади.
Томонлар таклиф этилаётган моделни амалга оширишнинг институционал механизмлари, амалий тайёргарлик сифатини таъминлаш, халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳада таълим сифатини янада такомиллаштириш бўйича навбатдаги вазифалар юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида GIZнинг PROSPI ва TexVET II лойиҳалари доирасида ижтимоий ҳимоя соҳасида дуал таълимни ривожлантириш, жумладан, пилот (тажриба) лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкилий механизмларни ишлаб чиқиш ва қўшма ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Мутахассисларнинг фикрича, дуал таълим тизимининг жорий этилиши ижтимоий ҳимоя соҳаси учун амалий тажрибага эга, замонавий билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштирган кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга муҳим ҳисса қўшади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА