Камерал текширувларда 11,8 триллион сўмлик тафовут аниқланди
Сўнгги йилларда солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва инсон омилини қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида назорат механизмлари янада такомиллашмоқда.
Айниқса, солиқ ҳисоботларини электрон таҳлил қилишга асосланган камерал текширувлар солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлашда муҳим воситага айланди.
2026 йилнинг январь–апрель ойлари давомида республика бўйича 11,2 мингта солиқ тўловчида камерал солиқ текширувлари ўтказилди. Бу мамлакатда фаолият юритаётган 589,1 мингта тадбиркорлик субъектининг атиги 1,9 фоизини ташкил этади.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур текширувлар натижасида жами 11,8 триллион сўмлик солиқ тафовутлари аниқланган. Барча ҳолатлар бўйича солиқ тўловчиларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан талабномалар юборилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аниқланган тафовутларнинг асосий қисми қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, ҚҚС бўйича 6,7 триллион сўмлик, фойда солиғи бўйича 3,6 триллион сўмлик, акциз солиғи бўйича 665,8 миллиард сўмлик ҳамда даромад солиғи бўйича 260,2 миллиард сўмлик тафовутлар қайд этилган.
Соҳалар кесимида энг юқори кўрсаткичлар умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларида кузатилиб, ушбу йўналишларда 4,9 триллион сўмлик тафовутлар аниқланган. Шунингдек, қурилиш соҳасида 3,4 триллион сўм, ишлаб чиқариш тармоғида 2,4 триллион сўм миқдоридаги тафовутлар қайд этилган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида 439,2 миллиард сўм, транспорт тармоғида эса 340,7 миллиард сўмлик солиқ тафовутлари аниқлангани мазкур йўналишларда ҳам ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш ва солиқ интизомини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Камерал солиқ текширувлари рақамли маълумотлар таҳлили асосида амалга оширилиши билан аҳамиятлидир. Бу усул тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашмасдан туриб, солиқ ҳисоботларидаги эҳтимолий хатолар ва тафовутларни аниқлаш имконини беради.
Эътиборли жиҳати шундаки, текширувлар тадбиркорларнинг жуда кичик қисми — 1,9 фоизини қамраб олган бўлса-да, аниқланган тафовутлар ҳажми 11,8 триллион сўмни ташкил этган. Бу эса рақамлаштириш асосидаги солиқ назорати механизмларининг самарадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА