Жиззахда янги машина ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Жиззах вилоятида замонавий Kia K3 маркали машина маҳаллийлаштирилган ҳолда ишлаб чиқаришга туширилди. Бу нафақат янги модель, балки ҳудуд иқтисодиётида автомобилсозликда сифат жиҳатдан янги давр бошланганининг амалий ифодасидир.
Янги авлод автомобили “ADM Jizzakh” корхонасида ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда қисқа муддатда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган ишлаб чиқариш занжири шакллантирилди: бутловчи қисмлар тайёрлаш, йиғиш, бўяш ва якуний сифат назорати — барчаси ягона технологик тизимга бирлаштирилди. Бу эса корхонани оддий йиғув майдонидан тўлиқ циклли саноат марказига айлантирди.
Тантанали тақдимот маросимида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён, шунингдек, соҳа мутахассислари иштирок этди. Алоҳида таъкидланганидек, мазкур лойиҳа икки давлат ўртасидаги саноат кооперациясининг амалий натижасига айланмоқда.
— Жиззах бугун шунчаки ҳудуд эмас, балки саноат ривожланишининг драйверига айланмоқда. Биз аграр ҳудуддан юқори технологияли ишлаб чиқариш марказига айланиш йўлидан изчил бормоқдамиз, — деди вилоят ҳокими.
[gallery-29025]
“ADM Jizzakh” компанияси бош директори Данияр Давлетяров эса янги моделнинг стратегик аҳамиятига алоҳида тўхталди:
— Kia K3 — бу бизнинг навбатдаги маҳсулотимиз эмас, балки технологик имкониятларимиз қай даражага чиққанини кўрсатадиган муҳим босқич. Ушбу модель орқали биз сифат, рақобатбардошлик ва маҳаллийлаштириш даражасини янги поғонага олиб чиқмоқдамиз. Энг муҳими, бу ерда шаклланаётган саноат экотизими келгусида яна ўнлаб янги ишлаб чиқаришларни ўз ортидан эргаштиради.
Сўнгги йилларда корхона кескин ўсиш суръатларини намоён этди. Агар 2021 йилда 4,6 минг дона автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 46 мингтадан ошиб кетди. Ишлаб чиқариш ҳажми 12,2 триллион сўмга етди. Бугунги кунда корхона вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг салмоқли қисмини таъминлаб, саноатнинг “локомотиви” вазифасини бажармоқда.
Инвестиция кўлами ҳам эътиборга молик. Аввал 226 миллион доллар эвазига Kia Sonet ишлаб чиқариши йўлга қўйилган бўлса, Kia K3 лойиҳаси учун қўшимча 65 миллион доллар сармоя киритилди. Шу билан бирга, 100 миллион доллардан ортиқ маблағ ҳисобидан маҳаллийлаштириш кластери шакллантирилиб, ўриндиқлар, пластик ва резина қисмлар, лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Энг муҳими, бу жараён якка ҳолда кечмаяпти. Корхона атрофида кооперация занжири кенгайиб, янги ишлаб чиқаришлар пайдо бўлмоқда. “Жиззах” кимё технопаркида автомобил саноати учун кабел ва фильтрлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса юзлаб янги иш ўринлари, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти.
Kia K3 замонавий дизайн, рақамли технологиялар ва қулайликни ўзида мужассам этган ҳолда кенг истеъмолчилар қатламига мўлжалланган. Мутахассислар фикрича, мазкур модел ички бозорни тўлдириш билан бирга, экспорт салоҳиятини ҳам сезиларли даражада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, Жиззахда йўлга қўйилган янги ишлаб чиқариш — бу бир завод ёки бир модель тарихи эмас. Бу — мамлакат саноат сиёсатининг амалдаги натижаси, инвестиция муҳитининг барқарорлиги ва энг муҳими, Ўзбекистонда юқори қўшилган қиймат ярата оладиган замонавий индустрия шаклланаётганининг ишончли далилидир.
А.Қаюмов,Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА