Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоят прокуратураси ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллигига бағишлаб “Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” деган бош ғоя асосида ҳудуддаги барча ўқув муассасаларида учрашувлар уюштирилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ташкил этилган тадбирда вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мутлақо янги босқичга олиб чиқилганлиги хусусида сўз юритилди.
[gallery-20560]
Худди шундай тадбирлар белгиланган жадвал асосида бошқа олий, ўрта махсус ва умумтаълим муассасаларида ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.
***
Зарбдор туманидаги “Тараққиёт” МФЙ аҳолиси билан ташкил этилган ҳуқуқий тарғибот тадбирида фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассислари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан оқилона фойдаланиш орқали нафақат оила даромадини, балки энергетика захираларининг тежалишига ҳам эришиш мумкинлиги таъкидланди.
Шунингдек, соҳа мутахассислари эҳтиётсизлик оқибатида қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан батафсил тушунчалар берди.
Ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари эса бахтсиз ҳодисалар рўй берган пайтда қандай ҳаракатланиш ва нималарга эътибор қаратиши лозимлиги бўйича тушунчалар бериб, фуқароларнинг ҳушёрлиги оширилди.
***
Жиззах шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчилари иштирокида “Йўл қоидаси – умр фойдаси” номли очиқ дарс шаклидаги машғулотлар ўтказилмоқда.
Жумладан, 30-сонли умумтаълим мактабида ҳам худди шундай тадбир ташкил этилди. Ушбу очиқ дарслардан кўзланган асосий мақсад ўсиб келаётган ёш авлод онгида йўл ҳаракат қоидалари бўйича дастлабки кўникмаларни ҳосил қилиш, ўқувчи ёшлар билан боғлиқ нохуш йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишининг олдини олиш ҳамда ёшларимизни маданиятли ҳаракат иштирокчиси сифатида тарбиялашдир.
***
Давлатимиз раҳбарининг умумтаълим мактабларини битираётган ҳар бир ўқувчи камида иккитадан чет тилини мукаммал билиши кераклиги тўғрисидаги ташаббуси ижросини таъминлашга Мирзачўл туманида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туман ҳокими Ботир Мирзақулов битирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашиб, унда ўқувчи-ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишига алоҳида эътибор қаратиш шартлигини, у ёшларни бу борада ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини, бунинг учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилишини таъкидлади.
***
Арнасой туманидаги “Ғафур Ғулом” МФЙ ҳудудида 4,5 гектар майдонни ўз ичига олган жамоат паркини қуриш ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда.
Туман ҳокими Одил Мусанов ҳамда туман секторлари раҳбарлари қурилиш ишларини кўздан кечирди.
Мазкур жамоат паркида аҳолининг маданий дам олиши учун амфитеатр, сузиш бассейни,сайр қайиқлари, савдо дўконлари, болалар учун батутлар, пиёдалар йўлакчалари, меҳмонхона, автотураргоҳ ҳамда емакхоналар барпо этилиши кўзда тутилган.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири