Жамоат хавфсизлигини таъминлашда кадрлар тайёрлашнинг янги босқичи
Мамлакатимиз раҳбарининг қарори жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида замонавий билим ва юксак амалий кўникмаларга эга бўлган профессионал кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз таълим тизимини яратишга қаратилган.
Муносабат
Бугунги кунда юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсиз ва барқарор ижтимоий муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ушбу вазифаларнинг самарали амалга оширилиши, аввало, замонавий билим, юксак касбий маҳорат, мустаҳкам ҳуқуқий тафаккур ва амалий кўникмаларга эга бўлган профессионал кадрларни тайёрлаш билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2026 йил 26 августдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимиз раҳбарининг қарори жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида замонавий билим ва юксак амалий кўникмаларга эга бўлган профессионал кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз таълим тизимини яратишга қаратилган.
Унда Жамоат хавфсизлиги университетини ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб борувчи таянч олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот ташкилоти сифатида трансформация қилиш вазифаси белгиланган. Бу ёндашув олий таълим муассасасининг вазифаларини фақат таълим бериш билан чеклаб қўймасдан, уни амалиёт, илм-фан, инновация ва кадрлар сиёсатини ўзаро боғловчи яхлит тизимга айлантиришни назарда тутади.
Қарорда кадрлар тайёрлаш тизимининг амалиётга йўналтирилганлиги алоҳида эътиборга молик. Жумладан, бакалавриат босқичида ўқув дастурларини босқичма-босқич амалий машғулотларга йўналтириш, курсантларнинг амалий машғулотларини ички ишлар органларининг тегишли бўлинмаларида ташкил этиш, уларнинг ҳақиқий хизмат муҳити билан бевосита танишишини таъминлаш кўзда тутилган. Бундай тизим бўлажак мутахассиснинг назарий билимларини амалий вазиятларда тўғри қўллаши, тезкор ва асосли қарор қабул қилиши, фуқаролар билан самарали мулоқот олиб бориши ҳамда касбий масъулиятни чуқур ҳис этишига хизмат қилади.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, таълим жараёнига рақамли технологияларни кенг жорий этишдир. Ҳужжатда сунъий интеллект технологиялари, дронлардан фойдаланиш, геоинформатсион тизимлар, видеокузатув, биометрик идентификация, хулқ-атвор таҳлили технологияларидан фойдаланишга оид билим ва кўникмаларни шакллантириш назарда тутилган.
Профессионал кадр тайёрлашда хорижий тилларни мукаммал эгаллаш ҳам катта аҳамиятга эга. Қарорда курсант ва тингловчиларга икки хорижий тилни “1+1” дастури асосида ўргатиш, хорижий тилни билиш даражасини миллий ва халқаро сертификатлар орқали тасдиқлаш тизимини йўлга қўйиш белгиланган. Бу талаб келгусида халқаро тажрибани бевосита ўрганиш, хорижий илмий манбалардан фойдаланиш, халқаро ҳамкорлик лойиҳаларида фаол иштирок этиш ва илғор тажрибаларни миллий амалиётга татбиқ этиш имкониятларини кенгайтиради.
Қарорда профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини оширишга ҳам тизимли ёндашилган. Профессор-ўқитувчиларни амалиёт билан боғлаш, уларнинг педагогик фаолияти натижадорлигини баҳолаш, юқори натижа кўрсатганларни рағбатлантириш ҳамда зарур ҳолларда амалий хизмат тажрибасига эга мутахассисларни педагогик фаолиятга жалб этиш назарда тутилган. Бу таълим мазмунининг ҳаётийлиги ва амалий аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
Илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ҳам қарорнинг стратегик аҳамиятини янада оширади. Жамоат хавфсизлиги масалалари бўйича илмий-амалий тадқиқотлар институтини ташкил этиш, хавфсизликка таҳдидларни ўрганиш, баҳолаш ва прогнозлаш, замонавий ечимларни ишлаб чиқиш, халқаро ҳамда республика миқёсида илмий-амалий тадбирларни ўтказиш назарда тутилган. Илмий тадқиқот натижаларининг бевосита амалиётга татбиқ қилиниши жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида қарорлар қабул қилишнинг илмий асосланганлигини кучайтиради.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳам қарорнинг муҳим йўналишларидан биридир. Етакчи хорижий ўқув марказлари билан стратегик ҳамкорлик ўрнатиш, хорижий экспертлар, тренерлар ва амалиётчи мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимларнинг хорижда малака ошириши ва қайта тайёрланиши назарда тутилган. Бу орқали жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган илғор ўқитиш услублари, симуляторлар, виртуал таълим технологиялари ва замонавий хизмат амалиётларини миллий таълим тизимига мослаштириш имконияти яратилади.
Мазкур қарорнинг яна бир эътиборга молик томони – унда ислоҳотларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари, муддатлари ва масъул ижрочилари белгиланган. Чора-тадбирлар дастурида таълим тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, рақамли технологияларни жорий қилиш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича вазифалар босқичма-босқич режалаштирилган. Бундай ёндашув ҳужжатнинг декларатив эмас, балки амалий ижрога йўналтирилганлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур муҳим қарори жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган комплекс ва истиқболли ҳужжатдир. Унда таълимнинг амалиёт билан интеграцияси, илмий-тадқиқот фаолияти, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва замонавий хавфсизлик технологияларидан фойдаланиш, хорижий тилларни ўрганиш, халқаро ҳамкорлик, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш ҳамда битирувчиларнинг касбий фаолиятини мониторинг қилиш каби ўзаро боғлиқ йўналишлар қамраб олинган.
Сардорбек Юсупов,
Наманган давлат университети юридик факультети декани, юридик фанлар доктори, профессор.
Иброҳим Отамирзаев,
Университетнинг жиноят процессуал ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
ЎзА.