Ижтимоий ривожланиш йўналишида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида академия раҳбарияти ҳамда UNICEF ташкилоти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий ривожланиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, мазкур йўналишларда илмий тадқиқотларни амалга ошириш, малака тизимини такомиллаштириш, касбий компетенцияларни ривожлантириш ҳамда раҳбар кадрларни тайёрлашга қаратилган долзарб мавзулар юзасидан фикр алмашилди, дейилади Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси маълумотида.
Шунингдек, учрашувда академиянинг таълим йўналишлари, илмий фаолияти, халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳамда барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Музокаралар якунида томонлар қўшма илмий лойиҳалар ва грант дастурларини амалга ошириш, экспертлар иштирокида тадбирлар ташкил этиш ҳамда ҳамкорликни институционал асосда ривожлантириш бўйича келишувга эришдилар.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА