Истиқболли ислоҳот
Инсониятнинг қадр-қимматини оширувчи энг муҳим омиллардан бири бу шубҳасиз унинг илмидир. Зотан, илмли киши хор бўлмас, деган мақол ҳам бежиз айтилмаган. Аммо илмнинг илк ўчоғи бу - оила. Ундаги муҳитнинг савияси тарбияланаётган фарзандларнинг бевосита келажагини белгиловчи воситалардан десак, адашмаймиз. Шунинг учун оилада оналарнинг илмли бўлиши ғоят аҳамиятли саналади.
Буюк тарихга эга мамлакатнинг буюк келажаги бўлмоғи тайин. Бутун дунё уйғонишига сабаб бўлган алломалар ҳам айнан бизнинг улуғ бобокалонларимиздир. Уларнинг баркамол бўлиб етишувига албатта буюк оналар сабаб.
Хусусан, етук муҳаддис Имом Ал-Бухорий фикримизнинг ёрқин ифодаси. Унинг онаси фарзандининг илм олиши йўлидаги бор машаққатларни ўз зиммасига олди. Отасининг васиятини тўлақонли адо этишни аёл боши билан уддалади. Бухорийнинг кўзи ожиз бўлиб қолганда ҳам умидсизликка тушмади. Тинимсиз дуолари ижобат бўлиб, Бухорий ислом дунёсининг энг йирик уламоларидан бўлиб етишди. Бундай мисоллар миллатимиз тарихида талайгина.
Шу маънода мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги истиқболли ислоҳотлардан бири қизлар ва аёллар таълимига қаратилаётган эътибордир. Учинчи Ренессансга қўйилаётган мустаҳкам пойдевор учун бунинг аҳамияти ниҳоятда муҳим. Бунинг исботини миллатимиз маликалари қайд этаётган юксак натижалар ҳам ифода этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг аёллар таълими ва уларнинг ҳуқуқларини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ташаббуслари амалда ўзининг самарасини бермоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ислоҳотдан кўзланган мақсад мамлакат қудрати ва миллий ўзликни мустаҳкамлашдан иборат. Аёллари илмли бўлган миллатни эса ҳеч қачон қаддини эгиб бўлмайди. Шу маънода бугунги кунда юртимизда аёллар фаоллигининг ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Негаки, улар жамиятда ўз қадри, ўз ўрнини муносиб ҳис қилса, ақл-идроки ва бетакрор салоҳияти билан мамлакат тараққиётига етарлича ҳисса қўшмоғи шубҳасиз.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда инсон қадрига асосланган сиёсатнинг барқарорлашиб бораётгани, бунда аёллар муҳим ўрин тутаётгани миллатимизнинг ёрқин келажаги истиқболидан далолат.
Негаки, бугун ўзбек қизлари ўз матонати, тафаккури билан бутун дунёни чинакам лол қолдиришни уддалашмоқда. Теле экранларда минбардаги ўзбек аёлларига ҳавас билан боқувчи нигоҳлар сони жаҳон мамлакатларида ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизга аён ҳақиқат. Шундай экан, бундай истиқболли ислоҳот самарали ва давомли бўлмоғига ҳар биримиз масъулмиз.
Шербек Исломов, ЎзА