Истеъдодли ижодкор ёшлар сараланди
Марҳамат туманидаги Ёшлар кутубхонасида республика ёш ижодкорлари Зомин семинарининг минтақавий – Фарғона водийси саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Саралаш тадбири иштирокчи ва меҳмонлари дастлаб, Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф қабрини зиёрат қилди, шоирнинг уй-музейида бўлди, шоир таваллудининг 72 йиллигига бағишланган тадбирларда қатнашди.

Семинар очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ёшлар билан ишлаш бўлими раҳбари Наргиза Асадова ва бошқалар мамлакатимизда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва ижодий салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, хусусан, Зомин семинари йиллар давомида кўплаб истеъдодларни кашф этиб келаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган семинарнинг минтақавий босқичида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 36 нафар ижодкор ёшлар қатнашиб, адабиётнинг назм, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима ва болалар адабиёти йўналишлари бўйича ўзларининг иқтидор, истеъдод ва ижод намуналарини намойиш этди.

Устоз адиб, шоир, ёзувчи, публицист, таржимон ва адабиётшунослар - Наргиза Асадова, Зебо Мирзаева, Муҳтарама Улуғова, Исломбек Ёқубов, Хуршида Ваҳобжон қизи, Зиёвуддин Мансур, Дилшода Эргашева, Масъума Аҳмедова, Восит Аҳмад ва бошқа қатор ижодкорлар томонидан қатнашчиларнинг ижод намуналари кўриб чиқилди.

Назм, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти йўналишлари бўйича шўъбалар доирасида ўтказилган мушоира, машғулот ва маҳорат дарсларида бугунги ўзбек адабиёти, ижодкор ёшларнинг иқтидор ва салоҳияти, ижод масъулияти ҳақида сўз юритилди. Устоз ижодкорлар ҳар бир йўналиш бўйича иштирокчи ёшларнинг ижод намуналари билан танишиб, улар билан суҳбатлашди, ютуқ ва камчиликлар юзасидан маслаҳат ва тавсиялар берди.

Устозлар хулосасига кўра, энг истеъдодли ёшлар сараланиб, Республика Зомин семинарида қатнашиш учун тавсия этилди.

– Мен, Зомин семинари саралаш босқичида назм йўналишида қатнашдим, – дейди Ўзбекистон – Шарда университети талабаси Муслима Абдусаломова. – Энг муҳими, иштирокчи ёшлар учун катта ижодий тажриба мактаби вазифасини ўтаган саралашда ижодим хусусида устозларнинг қимматли тавсияларини олдим, кўплаб янги дўстлар орттирдим.

Якунда иштирокчиларга сертификат ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари топширилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.