Ватанга қасамёд
Қарши шаҳридаги Ҳарбий авиация институтида бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга садоқат қасамёди маросими тантанали руҳда бўлиб ўтди.
Ушбу муҳим маросим ёш аскарлар ҳаётида унутилмас воқеа сифатида муҳрланиб, уларнинг Ватан олдидаги масъулияти ва муқаддас бурчини яна бир бор мустаҳкамлади. Тадбирда ҳарбий оркестр садолари остида саф тортган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қилишга, унинг тинчлиги, осойишталиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга тантанали равишда қасамёд қилди.
Маросимда сўз олганлар ёш аскарларнинг юксак руҳияти, интизоми, жасорати ва ватанпарварлик туйғуларини алоҳида эътироф этди. Таъкидланганидек, Ватанга қасамёд бу шунчаки маросим эмас, балки ҳар бир ҳарбий хизматчининг ҳаётидаги энг шарафли ва масъулиятли қадамдир. У аскар қалбида садоқат, фидойилик ва матонат туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, тадбирда ота-оналар ва яқинлар ҳам иштирок этиб, фарзандларининг ана шундай шарафли йўлни танлаганидан фахр ва ғурур туйғуларини изҳор этди.
[gallery-29011]
Маросим якунида ҳарбий хизматчилар томонидан саф кўриги ва намунали чиқишлар намойиш этилди. Айниқса, ҳарбий тайёргарлик, жисмоний чиниқиш ва жанговар маҳоратни акс эттирган чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Кўтаринки кайфият ва юксак ватанпарварлик руҳида ўтган мазкур тадбир ёш аскарлар учун ҳақиқий жасорат ҳамда садоқат мактабига айланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари