“Марказий Осиё - Хитой” газ лойиҳаси доирасида ҳамкорлик янада кенгаймоқда
Энергетика соҳасидаги стратегик аҳамиятга эга йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири ҳисобланган “Марказий Осиё-Хитой” магистрал газ қувури доирасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Ушбу йўналишдаги алоқалар нафақат газ транспорти тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, балки иштирокчи томонлар ўртасидаги иқтисодий ва технологик муносабатларни ҳам янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда Хитойнинг Чжухай шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва Хитойнинг йирик энергетика компаниялари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда “Asia Trans Gas” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти, унинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги ривожланиш йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар мазкур ташаббус доирасида амалга оширилаётган узоқ йиллик самарали ҳамкорликни юқори баҳолаб, уни изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, қўшма корхона фаолиятининг молиявий барқарорлигини ошириш, даромадларни кўпайтириш ва харажатларни самарали бошқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида томонлар бу йўналишда аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА