Иссиқхона – барқарор даромад манбаи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Маълумки, иссиқхона хўжалигини ривожлантириш аҳолини сифатли ва узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бандликни ошириш ҳамда оилавий даромад манбаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти Олот тумани Ғанчи Чандир маҳалласида яшовчи Зокир Рўзиев томонидан амалга оширилаётган ишлар бу йўналишда самарали натижаларга эришиш мумкинлигини амалда намоён этмоқда. У 2024 йилда Арабхона маҳалласида узоқ муддатли ижара асосида ажратилган ер майдонининг 30 сотих қисмини ўзлаштириб, унинг 5 сотихида иссиқхона ташкил қилди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун имтиёзли кредит асосида 16 миллион 500 минг сўм маблағ жалб этилди. Иссиқхонада дастлабки босқичда иситиш тизимисиз сабзи етиштириш йўлга қўйилди. Агротехник талабларга қатъий риоя қилинган ҳолда декабрь ойида ер тайёрланиб, янги йил арафасида экиш ишлари амалга оширилди. Сифатли уруғлик хариди учун 2 миллион сўм маблағ сарфланди.
Натижада қисқа муддат ичида иссиқхонадан қарийб 6 тонна, яъни 6-7 минг боғ сабзи ҳосили олинди. Ҳар бир боғ ўртача 6–8 дона маҳсулотдан иборат бўлиб, ички бозорда 10 минг сўмдан сотилмоқда. Бу эса бир мавсумда кредит маблағини тўлиқ қоплаш билан бирга, қарийб 60 миллион сўм даромад олиш имконини яратди.
[gallery-29069]
Шунингдек, хонадонда қўшимча равишда 1 сотих иссиқхонада помидор ва бодринг ниҳоллари етиштирилмоқда. Очиқ майдонда эса картошка парваришланмоқда.
Ушбу тажриба мавжуд ер ва молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш, замонавий агротехник ёндашувларни қўллаш ҳамда меҳнатга масъулият билан ёндашиш орқали қисқа муддатда юқори иқтисодий самарадорликка эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бу каби ташаббускор хўжалик юритувчилар қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА