Наманганда замонавий чорвачилик мажмуаси барпо этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Янги Наманган туманида замонавий чорвачилик мажмуасини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Мустақилликнинг 5 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги адир ерлардан 10 гектари ўзлаштирилиб, боғ барпо этган тадбиркор Алишер Камолов ҳозирда мазкур ҳудудда янги чорвачилик комплекси қуриш ишларини олиб бормоқда.
Лойиҳа доирасида 850 бош қўй боқишга мўлжалланган мажмуа қурилган бўлиб, айни пайтда 100 бош зотдор қўй парваришга киритилган. Яқин истиқболда қўйлар сонини 3 минг бошга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, тадбиркор томонидан қўйчилик йўналишини кенгайтириш баробарида 500 бош зотдор эчки, гўшт ва сут йўналишида 2 минг бош қорамолни ҳам комплекс таркибига қўшиш мўлжалланмоқда. Тухумчилик йўналишида эса ҳозирда синов тариқасида боқилаётган 200 бош зотли қора товуқ сонини 10 мингтага етказиш, гўшт учун 50 минг бош бройлер товуқ парваришлаш орқали парҳез гўшт ва тухум етиштириш ҳажмини ошириш режалаштирилган.
[gallery-29077]
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов мазкур лойиҳа билан танишиш мақсадида ушбу чорвачилик комплексида бўлиб, тадбиркор билан суҳбатлашди ҳамда унинг келгусидаги кенгайтириш режалари билан танишди.
Таъкидланишича, аҳоли учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорларда гўшт ва тухум маҳсулотлари нарх-навосининг барқарорлигини сақлашда бундай йирик лойиҳалар муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА