Қалбларни титратган шеърият
Сўз қудрати улуғланган, шеър инсон руҳиятининг энг нозик торларини чертиб, маънавий хазинага айланган юртда адабиётга ошно авлодни вояга етказиш эзгуликка қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Зеро, шеърият фақат қофия эмас, балки қалбларни нурга тўлдирувчи, тафаккурни юксалтириб, ҳаётни теран англашга ундовчи сеҳрли кучдир.
Ана шундай юксак маънавий руҳ ва нафосат байрами Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги 18-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Масканда маҳоратли ёш шоирлар Соҳибжамол Сирғабаева ва Абдураҳмон Койлибаев билан ташкил этилган ижодий учрашув ҳақиқий адабиёт байрамига айланди.
Ушбу маърифий мулоқот ўқувчи-ёшларнинг адабиёт оламига бўлган меҳрини жўш урдириб, уларнинг эстетик диди ва мустақил фикрлаш дунёсини бойитишга хизмат қилди. Учрашув давомида ижодкорлар ўзларининг изланишлари, шеър ёзишнинг сирли лаҳзалари ҳақида дилдан суҳбат қурдилар. Бадиий сўзнинг таъсир кучи ва ижоднинг инсон камолотидаги беқиёс ўрни ҳақида билдирилган самимий фикрлар ҳар бир ўқувчининг қалбига етиб борди.

Тадбир жонли ва самимий мулоқот майдонига айланди. Ёшлар китоб мутолаасининг лаззати, она тилимизнинг бетакрор жозибаси ва ижодий парвозлар борасида бебаҳо тавсиялар олдилар.
Учрашувнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларида ўқувчилар томонидан ижодкорларнинг шеърлари юксак маҳорат ва меҳр билан ифодали ўқилди. Савол-жавоблар эса ёшларнинг билимга, шеъриятга бўлган ташналигини яққол кўрсатди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.