Ишлайдиган оналарга янги нафақа: фарзанди 1 ёшга тўлгунча тўлов автоматик тайинланади
Нафақа учун ариза ёки қўшимча ҳужжат талаб этилмайди — тўлов автоматик тарзда тайинланади
Ўзбекистонда ишлайдиган аёлларни оналик даврида қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилмоқда. Унга кўра, фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар ишлайдиган оналарга Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан бола парвариши нафақаси тўланиши белгиланмоқда.
Янги тўлов 2026 йилдан жорий этилган давлат ижтимоий суғуртаси тизимининг мантиқий давоми сифатида йўлга қўйилади. Бу орқали ишлайдиган аёлларни ҳомиладорлик ва туғиш давридан кейин ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг бола парвариши билан боғлиқ вақтинчалик даромад йўқотишларини қисман қоплаш мақсад қилинган.
Янги нафақанинг энг муҳим жиҳатларидан бири — уни олиш учун оналарга турли идораларга бориш, алоҳида ариза ёзиш ёки қўшимча ҳужжатлар тўплаш талаб этилмайди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, нафақа ахборот тизимларида мавжуд электрон маълумотлар асосида автоматик ва проактив тарзда тайинланади.
Айни пайтда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари ҳам проактив тарзда тайинланиб, тўлаб келинмоқда. Худди шу механизмнинг давоми сифатида бола парвариши нафақасини ҳам фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигисиз амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Муҳитдинованинг таъкидлашича, ушбу янгилик ишлайдиган аёллар ва уларнинг оилалари учун бир қатор муҳим қулайлик ҳамда кафолатларни яратади. Жамғарма аёлларни нафақат ҳомиладорлик ва туғруқ таътили даврида, балки гўдак ҳаётининг энг масъулиятли ва зарур бўлган дастлабки йилида ҳам моддий қўллаб-қувватлайди.
Бу онанинг меҳнат фаолияти вақтинча тўхтагани сабабли йўқотган даромади ўрнини тўлдиришга хизмат қилади.
Бола парвариши нафақасини бевосита Жамғарма ўз зиммасига олиши туфайли корхона ва ташкилотларнинг молиявий мажбуриятлари сезиларли даражада камаяди. Иш берувчининг мазкур тўловдан озод этилиши аёлларни ишга қабул қилиш ва уларнинг бўш иш ўринларини сақлаб қолишда қўшимча рағбат пайдо қилади. Натижада меҳнат муносабатларида хотин-қизларга нисбатан норасмий чеклашларнинг олди олинади.
Нафақани расмийлаштириш учун фуқаролардан турли идораларга бориш, ариза топшириш ва қоғозбозлик талаб этилмайди. Барча жараёнлар интеграциялашган электрон базалар орқали инсон омилисиз, автоматик равишда амалга оширилади.
Соҳада эришилаётган амалий натижаларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг январь–август ойлари мобайнида мамлакатимизда қарийб 94 минг нафар ишлайдиган аёлга ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақалари Жамғарма маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди. Янги тартиб тўлиқ кучга киргач, яна шунча миқдордаги меҳнат қилаётган оналар фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар узлуксиз ва кафолатланган ижтимоий ҳимоя тизими билан тўлиқ қамраб олинади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА